Click to listen highlighted text!

КАСАБА УЮШМАЛАРИДАН БАЙРАМ СОВҒАЛАРИ

               Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3268-сонли Қарори ижроси юзасидан касаба уюшмалари Бирлашмаси томонидан Ишчи гуруҳи тузилиб, вилоятимиз туманларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди ҳамда уй-жой ва маиший техника билан таъминлаш, яшаш жойларини таъмирлаш, қорамол ажратиш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланди.
Мазкур тоифадаги оилалар рўйхати маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланиб, 2017 ва 2018 йилларда аҳолининг кам таъминланган тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқилди. Бугунги кунда мазкур дастурларга мувофиқ вилоят бўйича 154 та оилага манзилли ёрдам кўрсатиш, хусусан, 22 та оилани уй-жой билан таъминлаш, 1221та оилага маиший техника жиҳозлари олиб бериш, 66 та оиланинг тиббий ёрдамга муҳтож аъзолари саломатлигини тиклаш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, ҳар бир тумандан 10 нафардан кўмакка муҳтож юртдошларимизнинг уйлари касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан таъмирланмоқда.
Шу мақсадда касаба уюшмалари томонидан вилоятимиз туманларида уй-жой ва маиший шароитини яхшилашга муҳтож бўлган, боқувчисини йўқотган, ногирон оила аъзоларини парваришлаётган эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш, яшаш жойларини таъмирлаш, касалманд оила аъзолари саломатлигини тиклаш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида касаба уюшмалари вакиллари эҳтиёжманд оилалар хонадонларига бориб, уларга саломатлигини мустаҳкамлаши учун махсус сертификатлар, дори-дармон воситалари, турмуш даражасини ошириш мақсадида маиший техника жиҳозларини топширмоқдалар.
Куни кеча 111 нафар янгиерлик эҳтиёжманд оилалар шундай совғаларни қабул қилиб олишди.
Янгиер шаҳри Маърифат маҳалласида истиқомат қилувчи Лайло Тошбоева касаба уюшмаларининг совғаси – “Шиваки” русумли газ плитаси соҳибасига айланди. Лайло керакли уй-рўзғор буюми олганидан хурсанд.
Шаҳардаги Бинокор маҳалласи Муҳандис кўчаси 36-уйда истиқомат қилувчи Омонжон Абдуқундузова турмуш ўртоғи вафотидан кейин икки нафар вояга етмаган фарзанди билан қолган эди. Турган гапки, эркак киши бўлмаган хонадон таъмирталаб ҳолатига келиб қолди. Касаба уюшмаларининг ажратган маблағи эвазига “Янгиерқурилиштаъмир сервис” масъулияти чекланган жамияти ишчилари томонидан амалга оширилаётган таъмир ишларидан хонадон бекасининг боши осмонда.
– Турмуш ўртоғим вафот этганида болаларим ҳали кичкина эди, уларни катта қилиш, кийдириш, едиришдан орттириб уйни таъмир қилолмадим, ҳар гал таъмирталаб деворларга кўзим тушганда, ич-ичимдан ўксинар эдим, – дейди қувончдан кўзлари ёшга тўлиб Омонжон Абдуқундузова. – Яратганга шукур, яхшилар бор экан. Аввало давлатимиз раҳбари, қолаверса, касаба уюшмаларига мингдан-минг раҳмат, уйимиз чиройли таъмирланяпти, ўғилларимнинг ҳам кўнгли кўтарилди. Насиб этса, фарзандларимни ватанга муносиб фарзандлар қилиб тарбиялайман.
Обод юрт маҳалласи Чаманзор кўчаси 37-уйда истиқомат қилувчи, меҳнат фахрийси Пётр Мошин қизи Зинаида ва оиласи билан 4-хонали уйда туради. Оила эҳтиёжманд оилалар рўйхатида бўлиб, уйни кўп йиллардан буён таъмир қилишга чоғи келмаган эди, табиийки, уй таъмирталаб ҳолатга тушиб қолган.
– Мен Ўзбекистонда туғилиб ўсганман, бу диёрдан ўзгасини ватаним, дея олмайман, – дейди Пётр Мошиннинг қизи Зинаида. – Чунки ўзбек халқидек бағрикенг, одамжон халқни қайдан топаман? Мана, Янги йил арафасида касаба уюшмаларининг биз учун энг қимматли совғасини олдик – уйимизни таъмирлаб беришяпти. Ҳовлимизни ҳам чиройли қилиб беришмоқчи. Барчага миннатдорчилигимни билдираман.
Ҳа, 2017 йилда бошланган савобли ишлар 2018 йилга уланиб кетди, янги йил арафасида барча ҳомий ташкилотлар сингари, “Инсонга наф келтириш олий саодат” шиори остида фолият юритаётган касаба уюшмалари ҳам кўплаб юртдошларимиз, асосан, аҳолининг кам таъминланган қисмига салмоқли кўмаклар кўрсатди ва кўрсатмоқда.

Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!