АЁЛЛАР УЧУН МУСТАҲКАМ ТИРГАК
Куни кеча эълон қилинган -“Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга кўра Ўзбекистонда Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этилди.
Ушбу таклифнинг ташаббускорлари – Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Тадбиркор аёл” уюшмаси бўлиб, унга кўра ушбу жамоат фондининг асосий вазифаси оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларига кўмаклашиш ҳисобланади.
Барчамизга маълум, шу пайтгача аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг сафини кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, аммо, биргина муаммо – тижорат банкларининг имтиёзли кредитларини олиб, иш бошлашлари учун кам таъминланган оилалар аёлларига имконият кам эди. Чунки, гаров мулки ёки бўлмаса, банк талабига мувофиқ иккита кафил топиш ҳам оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизларимиз учун мураккаб, ечимини топиш мумкин бўлмаган вазифа эди. Эндиликда, Фонд томонидан ажратиладиган грантлар асосида уларни оёққа туриб олишлари учун имконият яратилади. Шу билан биргаликда ногиронлиги бўлган аёлларимиз учун ҳам жамият ҳаётида фаолликларини ошириш, ҳаётда ўз ўрнини топиш учун шароит яратилди. Уларга моддий ёрдам бериш учун илгаридек, ойлаб ҳомий ташкилотлар қидириш, ёки бирорта тадбиркорлик корхонасини зўрлаб ҳомийлик қилдириш каби салбий ҳолатларга чек қўйиладиган бўлди.
Бу жуда катта имконият, хусусан, Гулистон шаҳрида ногиронлиги бўлган мингга яқин хотин-қиз истиқомат қилади. Ўтган йилда улардан 7 нафари касаначи сифатида ишга жойлаштирилди, 7 нафари уй-жой билан таъминланди. Фармонга кўра ташкил этиладиган Фонд кўмагида ҳам ижтимоий ночор хотин-қизлар сони камаяди, ҳам ишловчи ва тадбиркор аёлларимиз сони ортади. Бу биз учун жуда муҳим.
Наргиза Тожибоева,
Гулистон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси