Click to listen highlighted text!

БЕМИННАТ ЗИЁ

Онажоним “Ёш китобхон” республика танлови ҳақида эшитибоқ, менга қўнғироқ қилдилар. Жуда хурсандликлари овозларидан билиниб турарди:
– Китоб ўқиш, улар ҳақида суҳбат қуриш камайиб, буни ҳатто эскилик, бекорчилар машғулоти, деб атайдиганлар кўпайган даврда бу ташаббус яхши иш бўлибди. Ёшим тўғри келганда бир ўзимни синаб кўрган бўлардим,- дедилар.
Волидамнинг куйиниш ва суюниш сабабларини яхши тушунаман. Ҳаммаси китобга меҳр қўйганларидан. Биз ҳали кичиклигимизда уйимиздаги китобларнинг ҳаммасини ўқиб бўлгач, журнал, газеталарни ўқибдилар. Улар ҳам қолмагач, яна бир бошдан ўқишни бошлабдилар.
Ёдимда, бемор бўлиб бир ҳафта касалхонада ётиб қолдилар. Соғайиш билан бирга янги китоб ҳам ўқиб қайтгандилар. Ўша китоб қўлма қўл ўқилган экан.
Ўтган йили ўзим ҳам муолажа қабул қилдим. Онамга ҳар ишда ўхшашга интилганимдан ўзим билан янги китоб олдим. Мен мутолаа билан машғул эканман, атрофимдагиларнинг, шифокор – ҳамшираларнинг менга ҳаваси келди. “Ҳаммадан ҳам мана шу қиз тўғри даволанаяпти, тез соғаяди”, -дейишди.
Чиндан ҳам атрофимдагилар қўлларидан телефон тушмай “юрак тугунини ёзаётганлар” эди. Лекин турли ғийбатлардан баттар хуноблари ошиб кетганлигини кўрдим.
* * *
Кўчамиз бошида бир онахон яшайди. Ёшлиги келинлар кўчага чиқавермайдиган вақтларга тўғри келган. Шундай бўлса-да, туман кутубхонасига қайниси номидан аъзо бўлибди. Китоб номларини ёзиб берар эканлар, қайниси дарров келтириб бераркан. Ҳозир 60 дан ошган бўлсалар ҳам кўзойнаксиз нина тутадилар, китоб ўқийдилар. Давраларда шеърлар айтадилар.
Ҳамкасбим хуноби ошиб, телевизорни ёмонлаб кетди. Кеча ўтакаси ёрилишига сал қолибди. Эмишки, оқшомда келини ҳовлидан югуриб уйга кириб кетибди. Чиқавермагач, набирасидан хавотир олиб кирса, хотиржам сериал томоша қилаётганмиш.
Бугун китоб тарғиботи, айниқса, фарзандлар, ёшлар мутолаасига жиддий эътибор қаратилмоқда. Маҳаллаларда китобхон оилалар аниқланмоқда. Куни кеча вилоятларда “Навоий ворислари” номли кўрик – танлов бўлиб ўтди. Унда ғолиб ўқувчи 50 миллион сўм пул мукофотига сазовор бўлди. Бу рағбатлар келажакда самара беришига шубҳа йўқ. Китоб ўқиш билан қалблар беминнат, тугамайдиган зиё масканига айланаверсин.

Озода МАМАДАЛИЕВА, “Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!