Click to listen highlighted text!

КАФТДЕК ЕРДАН КАТТА ДАРОМАД

Ҳар қарич ердан оқилона фойдаланиб ишнинг кўзини билган одам ютади. Буни англаган юртдошларимиз сони ошиб бораётгани халқимиз фаровон турмушига сабаб бўлаётир.
Азалдан мирзаободликлар деҳқончилик илми вилоятда машҳур бўлиб келган. Туманнинг Мирзачўл қишлоқ фуқаролар йиғини Дўнгариқ маҳалласида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари томорқадан унумли фойдаланиб ҳам рўзғорларини, ҳам бозор расталарини сара деҳқончилик маҳсулотлари билан таъминлаб келишмоқда. Катта йўл ёқасида жойлашган бир хонадон борки, эгалари “ерни уйғотишини” кўпчилик кутишади. Сабаби, ерга қачон уруғ қадаш вақтини, бошланган йил ҳавосини бошқалардан яхши билишади. Хонадон соҳиби Абдуҳаким Яхшиев отасидан ўрганган билимларига таяниб аёли Бувинор ва икки нафар ўғли билан томорқасида турли-туман сабзавот етиштириш билан шуғулланиб келмоқда. 20 метр узунликдаги 2 та қўлбола иссиқхонада помидор, бодринг, гаримдори, булғор қалампири ва бақлажон уруғларини сепиб апрел ойи охирларида деҳқонлар учун кўчатларни тайёр қилишади. Бўшаган ерга қайтадан ишлов бериб, картошка ва пиёз уруғлари қадашади. Кимёвий доридан ўсимликка қурт тушмаслиги учун фойдаланиб, яхши ўсиб ҳосилга кириши учун эса алмашлаб экиш, маҳаллий ўғитга бойитиш каби усулларни қўллашади. Картошка ҳосили йиғиб олингач, ернинг маълум қисмига иккиламчи экинлар – карам, сабзи, шолғом ва турп, қолганига маккажўхори экадилар. Бир мавсумда икки марта уруғ сепилиб эрта ва кечки кўчатлар етиштирилади. Куз келгач бўшаган ерга саримсоқпиёз доналари қадалади.
Миришкол деҳқонлар етиштирган маҳсулотлар ҳар йили вилоят маркази Гулистон шаҳар бозорида сотилади. Ўстирган кўчатларини маҳалладошлари ишонч билан ҳарид қилишади.
– Дадам бизга ердан фойдаланиш тажрибаларини ўргатиб келмоқдалар. Улар бу билимларни Зомин кенгликларида яшаб, сўнгроқ бу ерга кўчиб келган Эсон бобомдан ўрганганлар, – дейди оиланинг кенжа ўғли Шерали Эсонов. – Бошқалардан фарқли равишда қиш чилласида ерни суғорамиз. Ҳатто қор қоплаган бўлса ҳам. Чилла сувининг фойдаси катта дейдилар. Деҳқончиликда сир йўқ деб ўйлайман. Ҳаммаси чин дилдан меҳнат қилиш-у, тупроқ нимани истаётганини тушунишда. Тушуниш учун эса ҳар куни кузатиш керак, холос.
Оила фарзандларининг асосий юмуши бошқа. Лекин вақтни тўғри тақсимлаб, томорқани гуллатишга ҳам фурсат топишади. Яқин кунларда хонадонда тежамкор иссиқхона қуриб, кўчатларни янада эртароқ етиштиришни ният қилишган. Бу билан юртимиз бозорларида пишиқчилик даврининг эрта бошланишига ҳисса қўшган бўладилар.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!