СОҒЛОМ ОИЛА –БАХТИЁР ОИЛА
Касаба уюшмалари тизимида ишчи-ходимларнинг маданий ҳордиғини ташкиллаштириш, уларнинг ва оила аъзоларини спортга жалб этиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Йил давомида турли–туман маданий ва спорт тадбирлари, туристик саёҳатлар ташкил этилиши, ходимларнинг ишга бўлган рағбатини оширибгина қолмасдан, уларнинг соғлом турмуш тарзига риоя этишларини ҳам таъминлайди.
“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” нинг дастлабки ойида касаба уюшмалари тизимидаги мингдан ошиқ бошланғич касаба ташкилотларида “Соғлом оила” шиори остида оилавий спорт мусобақаларининг биринчи босқичи ўтказилиб, унда 3000 дан ошиқ оилалар иштирок этишди. Феврал ойининг иккинчи ярмида мусобақаларнинг иккинчи босқичи старт олди. Шу кунларда барча тармоқ касаба уюшмалари туман-шаҳар Кенгашлари томонидан шаҳар ва туманлар босқичлари ўтказилмоқда.
Гулистон шаҳридаги 15-умумтаълим мактаби спорт залида соҳа ходимлари оилалари ўртасида мусобақанинг шаҳар босқичи ўтказилиб, шаҳар таълим тизимига тегишли ташкилотларда меҳнат қилувчи, ўғил фарзандли оилалар ичидан 15-умумтаълим мактабининг ўқитувчиси Эркин ва Дилнавоз Аҳмедовлар оиласи, қиз фарзандли оилалар ўртасида 15-умумтаълим мактабининг ўқитувчиси Ревшан ва Дилноза Вапаевлар оиласи 1-ўринни эгалладилар ҳамда мусобақаларнинг тармоқлараро босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Қизғин ўтган мусобақаларда 2-умумтаълим мактаби, 11-умумтаълим мактаби ҳамда 16-умумтаълим мактабидан сараланган жамоалар мағлубиятга учраса-да ушбу тадбир барчанинг хотирасида ёқимли тассуротлар қолдиргани аниқ.
Худди шу куни тармоқлараро мусобақалар ҳам ўтказилди. 11 спорт тури бўйича бўлиб ўтган беллашувларда ҳам таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси аъзоларининг қўли баланд келди.
Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси аъзоларига 2-ўриннасиб этди, Давлат муассасаларива жамоат хизмати ходимлари 3-ўрин билан чекландилар.
Мазкур мусобақаларда ғолиб жамоа – Аҳмедовлар ҳамда Вепаевлар оилалари Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар Кенгашининг эсдалик совғалари билан рағбатлантирилдилар.
Олдинда янада қизиқарли беллашувлар кутмоқда, – дейди Эркин Аҳмедов. Биз ўғлим Жавоҳир ва турмуш ўртоғим Дилнавоз билан вилоят босқичига ҳам қаттиқ тайёргарликлар кўрамиз. Албатта, вилоятда биринчи ўринни эгаллаш осон бўлмайди. Аммо, биздек спортсевар ишчи-ходимлар оилалари билан яқиндан танишиш, дўстлашиш, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашимиз билан фарзандимизга ўрнак бўлиш биз учун катта аҳамиятга эга.
Фарҳод Таштанов,
ТФМ Гулистон шаҳар Кенгаши раиси