Click to listen highlighted text!

НАВРЎЗ – ХАЙР-САХОВАТ БАЙРАМИ

Ўлкамизни яшнатиб кириб келган Наврўзи олам ҳақиқий меҳр-саховат байрами ҳамдир. Наврўз арафасида кўчалар-томорқалар тозаланиб, гуллар экилиб, кишининг баҳру дилини очиб, атроф-олам чарақлаб кетади. Мана икки йилдирки, Наврўз тантаналари юртимизда ҳафталаб давом этмоқда. Бу йилги байрамда гуллар шаҳри Гулистон янада чирой очди, 18 -нчидан 22 март кунига қадар давом этадиган байрамни Гулистон истироҳат боғида Ховос тумани ва Ширин шаҳри, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, вилоят электртармоқлари корхонаси ва бошқа бир қатор вилоят ташкилотлари бошлаб бердилар. Ҳақиқий чаманзорга айланган истироҳат боғида шу кеча сумалаклар қайнади, ошнинг зирваги осилди. Эрта азонлаб карнай-сурнай садолари ҳаммани боққа чорлади. Миллий матолар билан безатилган майдонларга сторл-стуллар, супалар ўрнатилди, дастурхонлар ёзилиб, хилма-хил миллий таомлар тортилди.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг аҳил жамоаси шу куни Гулистон шаҳридаги Шодлик маҳалласининг 100 нафар ошиқроқ кам таъминланган аҳолисига байрам дастурхони безатди. Сумалаклару кўк сомса, кўк чучвара, таомларнинг шоҳи –паловхонтўра меҳмонларга пешма пеш тортилди.
-Биз касаба уюшмаларидан жуда миннатдормиз, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нортожи Қурбонова. – Катта –кичик баравар хизматда бўлишди, жуда чиройли байрам қилиб беришди. Барча саховатли ташкилотларимизнинг иши баракали бўлсин, инсонларимизнинг уйи буғдойга тўлсин, раҳмат ҳаммага!
Шу куни байрам дастурхони атрофига вилоятда фаолият юритаётган миллий-маданий марказлар раҳбар ва ходимлари ҳам йиғилдилар. Бир пиёла чой устида мамлакатимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар ҳақида суҳбатлашдилар.
– Асли Душанбе шаҳрида туғилганман, Гулистонга келин бўлиб тушганимга ҳам мана яқин 30 йил бўлди, – дейди Тожик миллий-маданий маркази вакили Рисолатбону Гулова. – Мен шу ерни ўз ватаним деб биламан, шу шаҳарда ундим-ўсдим, фарзандларим ҳам шу ерда туғилдилар. Ўзбек ва тожик халқи бир қўлнинг икки бармоғидек, қон-қардош халқ, эт билан тирноқни ажратиб бўлмаганидек, бизни ҳам ажратиб бўлмайди. Наврўз – ҳар иккала халқнинг қадимий байрами, уни бир хилда нишонлаймиз, куиймиз-қўшиғимиз бир. Барчани байрам билан қутлайман, илоҳим, аҳиллигимизга кўз тегмасин!
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўролова бошлиқ ишчи гуруҳ шу куни барча ташкилотлар томонидан тайёрланган миллий таомлар кўргазмасини кўриб чиқиб, баҳоладилар. Таомларнинг меҳр билан тайёрланганига, хилма хиллигига, дастурхоннинг дид билан безатилганлигига эътибор берилди. Худди шундай кўргазмалар 22 нчи мартгача давом этиб, ғолиблар дипломлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланишади.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!