Click to listen highlighted text!

ШУКУҲИ БАРДАВОМ АЙЁМ

Наврўз — бу баҳор, бу дарахтлар пушти гулларга бурканган ажойиб палла, бу карнай-сурнайларнинг тантанавор овози, бу дошқозонларда «биқиллаб” қайнаётган сумалакнинг биз соғинган ҳиди, бу сайллар макони. Аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган ушбу байрамнинг анъаналари бисёр. Наврўз расман 21 март куни бошланса-да, унинг шукуҳи баҳорнинг сўнгги кунларигача давом этади.
Наврўз қитъамизнинг бир неча давлатларида нишонланади ва ўша миллатлар тилида турлича ифода этилади: Новруз, Наврўз, Нуруз, Невруз, Наурыз, Нооруз каби. Азал-азалдан Наврўз кириб келган кун табиат билан инсон олами янгиланиб, қалблар тозаланиб, янги ҳаёт бошланган.
Қадимда Наврўз кириб келишидан олдин турли хил урф-одатлар бажарилган экан. Ким уришиб қолган бўлса, албатта ярашган, қарзларидан қутулишган. Чунки Наврўз куни самодан учиб келувчи фаришталар фақат қалби тоза инсонларга барака беради, деган тушунчага риоя қилинган. Бундан ташқари, атрофини озода сақламайдиган инсонлар ҳам баракадан бенасиб қолишган экан. Демак, умумхалқ ҳашарларимизнинг негизини ана шу даврлардан топсак ажаб эмас. Наврўз кириб келган кунда туғилган санасидан қатъий назар, 12, 24, 36, 48, 60, 72, 84 ёшга кирган инсонлар ўз туғилган кунларини нишонлашган. Чунки айнан 12 йил инсон ҳаётида рамзий йил ҳисобланган.
Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки, 2009 йилнинг сентябр ойида Наврўз ЮНЕСКО ташкилоти томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида расман тан олинди. 2010 йилнинг феврал ойида эса БМТ Бош ассамблеясининг 64сессиясида 21 март – Халқаро Наврўз куни деб эълон қилинган.
Қадимги юнон тарихчиси Страбон ушбу шодиёна ҳақида шундай ёзган эди: «Энг қадимги даврлардан бошлаб, то бугунгача бу байрам икки дарё оралиғи (Сирдарё ва Амударё)да яшовчи аҳоли томонидан нишонланиб, 21 март куни одамларнинг ҳаммаси Олов ибодатхонасида йиғилишади. Наврўзнинг ҳурмати учун савдогарлар дўконларни ёпишади, ҳунармандлар ишларини тўхтатишади, дастурхонлар безатилиб, ҳамма бир-бирини оловда пишган неъматлар билан сийлайди”. Қадимги турк афсоналарига кўра айнан Наврўз куни турк халқлари тоғлар билан ўралган жойдан кенг яйловларга кўчиб чиқишган. Шу куни улар учун Янги йил дея юритила бошлаган.
Буюк бобоколонимиз ҳазрат Алишер Навоий ўз ғазалларидан бирида «Ҳар тунинг қадр улуғбон, ҳар кунинг ўлсин Наврўз!” дея ёзганлар. Наврўз байрами ҳақидаги илк маълумотлар Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” ва бошқа асарларида, Умар Ҳайёмнинг «Наврўзнома” асарида учрайди. Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғатит – турк” асарида Наврўзга бағишланган халқ қўшиқлари келтирилган. Беруний бобомиз эса бундан минг йил аввал яратган «Ҳиндистон” номли асарида «ҳар бир халқнинг удум ва анъаналари ўша халқнинг юз йиллар давомида шаклланган турмуш тарзининг ифодаси” эканлигини таъкидлаб ўтган.
Халқимизнинг асрлар оша яшаб келаётган қадриятларидан бири Наврўз кунларида бўладиган сумалак сайлидир. Унда ёш-у каттани бир дастурхон атрофига жамланиши, байрам баҳона бир қозондан насиба улашиши, қариялару беморларни йўқлаш, кишилар орасида ўзаро меҳр-оқибатни янада мустаҳкамлаши билан ҳам аҳамиятлидир.
Сумалак йилда бир мартагина тайёрлаш мумкин бўлган ноёб таомдир. Тахминан уч минг йил илгари Ўрта Осиё аҳолиси сумалакни эъзозлаб баҳорни кутиб олиш, экин-текин ишларини бошлаш арафасида Наврўз байрамида тайёрлайдиган бўлишди.
Мутахассисларнинг фикрича, сумалак шифога бой таом бўлиб, асабларни тинчлантирада. Уйқусизликниниг олдини олади ва сумалак еб ором олган кишининг асабларини истиробдан халос қилади. Шунингдек, сумалак гепертония касалига энг яхши даво, у қон таркибини яхшилайди. Томирлар торайган бўлса, қонни суюлтиради.
Ҳа, ўлмас анъаналар халқимиз бой тарихининг ажралмас қисмидир. Наврўз эса анъаналар қадрланадиган, инсонлар улуғланадиган, ўзаро ҳурмат ва аҳилликни, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлайди.

Турсуной БЕРДАЛИЕВА, Боёвут туманидаги 7-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!