БОЛАЛАРГА – НАВРЎЗ ТУҲФАСИ
Наврўз умумхалқ байрами арафсида Сирдарё вилоятининг Гулистон тумани маркази – Деҳқонобод шаҳарчасида янгидан барпо этилган замонавий спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда, Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 мартидаги “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, мамлакатимизда спорт, хусусан, болалар спорти ва айниқса футболни ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий стадион ва спорт заллари барпо этиш, халқаро майдонда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир ёшларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.
Лойиҳа қиймати 3 миллиард 800 миллион сўмлик ушбу туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби учун янгидан барпо этилган спорт мажмуаси “Гулистон мадад қурилиш” хусусий қурилиш корхонаси бунёдкорлари томонидан барпо этилди.
Замонавий мажмуа – 18х42 ҳажимдаги спорт зали ва спорт ўйинларига мослашган 1 минг томошабин ўринли стадиондан иборат бўлиб, болаларнинг бир қатор спорт турлари билан шуғулланишлари учун барча зарур шароитлар яратилган.
Стадион зали ва спорт залидиа алоҳида-алоҳида ечиниш, ювиниш, тиббиёт, мураббийлар, ҳакамлар, спорт жиҳозлари учун хоналар мавжуд. Стадионда спортнинг футбол, волейбол, баскетбол, гандбол майдонлари, теннис корти, югуриш йўлаклари мавжуд бўлса, замонавий спорт залида эса болажонлар футзал, волейбол, баскетбол, гандбол, бадминтон, стол тенниси, бадиий гимнастика каби спорт турлари билан шуғулланиш мумкин.
Болалар-ўсмирлар спорт мактабида айни чоғди, спортнинг 12 туридан 28 нафар мураббий қўлостида салкам 1 минг нафарга яқин болалар ва ўсмирлар тарбияланмоқда. Буларнинг 370 нафарини қиз болалар ташкил этади.
– Шу пайтгача ўз спорт базамизга эга эмас эдик, – дейди Гулистон туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Алишер Тўрақулов. – Мана энди энг замонавий спорт мажмуасига эгамиз. Буларнинг барчаси Мустақиллигимиз, ҳукуматимизнинг спортга қаратаётган алоҳида эътибори ва Президентимизни ёшларга ғамхўрликлари туфайлидир, деб ўйлайман.
Мактабимизда футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоси, жаҳон чемпиоанти иштирокчиси Аббос Махситалиев камол топган. Бундан буён мана шундай барча шароитларга эга, энг замонавий спорт мажмуасида тобланаётган ёшларимиз орасидан қитъа ва жаҳон чемпионлари, Олимпиада совриндорлари етишиб чиқишига ишончим комил. Мазкур спорт мажмуаси ҳам ёшлар учун мана шундай босқич вазифасини ўтаб беради деган умиддаман.
Зебо Ҳайдарова