ҒАМХЎРЛИКДАН МИННАТДОРМИЗ
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда туризмни изчил ривожлантириш истиқболлари, сайёҳлик объектларидан самарали фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турлари сифатини ошириш, юртимизнинг диққатга сазовор жойларига сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича қабул қилинган қатор қарорларида белгилаб берилган вазифалар ҳамда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини ташкил этиш ҳамда корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини туризмга жалб этилишини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати қарори ижроси юзасидан вилоятимизда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тасарруфидаги 1500 га яқин корхона, ташкилот ва муассасалардан март ойи давомида 5000 нафарга яқин ишчи-ходим республикамизнинг тарихий шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига, шунингдек Тошкент шаҳридаги зиёратгоҳларга, қолаверса, ўз ҳудудимизда мавжуд осори-атиқаларни томоша қилиш учун саёҳатга олиб борилди. Айтиш жоизки, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмалари бу борада етакчи ўринда. Ҳар бир туман-шаҳардан 100 нафардан-300 нафаргача фаол аёллар Тошкент шаҳрига зиёрат ва концерт дастурларига олиб борилган бўлса, 50-нафардан 150 нафаргача бўлган ишчи-ходимлар Наврўз байрамида эълон қилинган дам олиш кунларида тарихий шаҳарларга саёҳатларга олиб борилди.
Хусусан, Таълим, фан ва маданият ходимлари Ховос туман Кенгаши томонидан тумандаги таълим муассасалари ходимларидан 132 нафари Самарқанд шахрига саёхатга юборилдилар. Сафар харажатлари учун касаба уюшма маблағлари ҳисобидан 5100 000 сўм сарфланди.
– Ҳамкасбларим билан Самарқанддаги барча обидалар – Регистон, Шоҳизинда ансамбли ва шу билан бирга Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг мақбарасини ҳам зиёрат қилдик. Мустақиллигимиз асосчиси ҳаққига дуо қилдик. Саёҳатдан жуда бой таассуротлар билан қайтдик, бунинг учун давлатимиз раҳбари ҳамда касаба уюшмаларидан жуда ҳам миннатдормиз, – дейди –1 умумтаълим мактаби ўқитувчиси Шаҳло Расулова .
– Бу йил касаба уюшмалари аъзолари учун жуда яхши келди, уларнинг иш шароити, меҳнат муҳофазаси, дам олишлари –ҳаммаси давлат даражасида ҳал этилмоқда, – дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари Республика Кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси Алижон Мамарасулов. – Ҳар йили ҳам шу ишлар бажарилган, аммо, уларнинг сифати, даражаси бу йил ҳар йилгидан юқори. Фақатгина март ойининг ўзида тармоғимиздан 1000 нафарга яқин ўқитувчи-ходимлар мамлакатимизнинг тарихий шаҳарлари ва вилоятимиздаги обидалар зиёратида бўлдилар. Бундай саёҳатлар йил бўйи давом этади.
Абдурасул Каримов,ТФМ ходимлари касаба уюшмаси Ховос туман Кенгаши раиси