Click to listen highlighted text!

МАСЪУЛИЯТ ҲИССИНИ УНУТМАСЛИК ЛОЗИМ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти фаоллари билан ўтказилган учрашув чоғида Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани 42-мактаб ўқитувчиси Диана Еникеева кўча тозалашга чиқарилганида машина уриб кетиши оқибатида вафот этганини куйиниб эслади ва бунда ўзини айбдор ҳис қилаётганини айтиб ўтди.
Бундан ташқари, ўша куни турли ҳудудларда кўзбўямачиликка йўл қўйилаётганини эслаб ўтдилар. Ўша учрашувда шахсан қатнашдим, ва давлатимиз раҳбарининг юрагидан отилиб чиққан қуйидаги – “Очиғи, бу менда нафрат уйғотмоқда, ўқитувчиларни мажбурлаб ободонлаштириш, кўча супуришга жалб этиш – бу биз олиб бораётган сиёсатга хиёнат. Бу нафақат менга, балки давлатимиз олиб бораётган сиёсатга хиёнатдир”, деган сўзлари менинг қалбимга ҳам ўқдек қадалган эди. Ушбу сўзлар халқнинг дилидаги сўзлар, давлатимиз раҳбари халқнинг кўнглини ҳар кимдан-да яхшироқ билишини, ҳаммадан-да яқинроқ эканини яна бир исботи бу.
Куни кеча бош вазиримиз Абдулла Арипов раислигида жамоат ишларига мажбурий жалб қилишни тақиқлаш, бу борада раҳбарлар масъулиятини оширишга бағишланган йиғилиш тафсилотлари билан танишдим. Ҳақиқатан ҳам, республикамизнинг турли ҳудудларидан, шу жумладан, Сирдарё вилоятидан ҳам ишчи-ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш борасида интернет нашрларида тез-тез танқидий мақолалар чиқиб турибди. Куни кеча бош вазир бу ҳақда гапираётиб, Гулистон шаҳар мактабгача таълим муассасалари ходимлари ҳам ободонлаштириш ишларига мунтазам жалб этилаётганлигини танқид қилиб ўтди.
Тўғриси, бу оғриқли нуқтамиз, унинг олдини олиш борасида касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими ҳамда бирлашма қошида ташкил этилган “Юридик клиника” орқали мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида тасарруфимиздаги ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасада тарғибот олиб боришимизга қарамасдан, баъзи ўзбилармон раҳбарларнинг кимгадир ёқишни ўйлаб қилинган “ташаббуси” билан юқоридаги салбий ҳолатлар учраб турибди.
Юқорида Президентимиз айтиб ўтган Каттақўрғон туманилик 23 ёшли ўқитувчи Диана Еникеева фожиасини эшитганимда, дарҳол Гулистон шаҳрида бундан бир неча йил бурун бўлиб ўтган ҳодиса кўз олдимга келди. 2013 йилда Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси неврология бўлими фарроши 35 ёшли Шоирахон Каримбердиева ҳам тиббиёт xодимлари томонидан шаҳримиздаги “Ўзбекистон” шоҳкўчасида ҳашарда қатнашаётган пайтида йўл-транспорт ҳодисасига учраб, воқеа жойида вафот этган эди. Ачинарлиси, ёшгина жувоннинг уч нафар вояга етмаган фарзанди онасиз қолди. Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими томонидан бахтсиз ҳодиса мукаммал ўрганилиб, жабрланувчининг оиласига бир йўла бериладиган товон пули ҳамда боқувчисини йўқотганлик бўйича ойма-ой тўланадиган нафақа пуллари ундириб берилган эди. Аммо, ҳар қандай товон пули онанинг ўрнини босаоладими? Албатта йўқ!
Куни кеча ўтказилган йиғилишда мамлакат бош вазири Президентимиз ташаббуси билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Жамоат ишлари жамғармалари ташкил этилганлиги, лекин, кўплаб ҳокимлар бу пулларни ишлатиш механизми ҳақида тасаввурга эга эмаслигини афсус билан гапирдилар. Президентимиз томонидан ажратилган 714 миллиард сўмлик маблағнинг бир қисми албатта, Сирдарё вилоятидаги ободонлаштириш ишларига, ундан ҳам муҳими, ишсизлар сафини камайтириш, ҳақ тўланадиган жамоатчилик ишларига ишсиз фуқароларни жалб қилиш мақсадига ажратилган. Бироқ, мутасадди раҳбарларнинг “бехабар”лиги туфайли бу пуллар ишлатилмай қолиб кетганлиги ачинарли ҳолдир.
Дўппини бир четга қўйиб бир ўйлаб кўрайик, ахир, шу замонларни сизу биз орзу қилмаганмидик? Мажбурий меҳнатдан халос бўлишни, ҳар ким ўз иши билан шуғулланишини хоҳламаганмидик?
Мана бир неча йилдирки, касаба уюшмалари ҳар куз мавсумида Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан ҳамкорлик қилади. Мактаб ва коллеж ўқувчиларини, бюджет ташкилотлари ишчи-ходимларини мажбуран пахта теримига жалб қилмаслик устидан назорат олиб боради.
Тан олиш керак, кейинги йилларда болаларимиз пахтага чиқмаяптилар, Ўтган йили коллеж ўқувчиларигина эмас, балки олий таълим даргоҳлари талабалари ҳам пахта теримига жалб қилинмади.
Корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари учун уларнинг меҳнат ҳуқуқлари борасида кўплаб тарғибот тадбирлари ўтказилди. Уларни мажбурий меҳнатга жалб этиш мумкин эмаслиги, бу Қонун билан таъқиқланиши тушунтирилди.
Президентимиз билан бўлиб ўтган учрашувда қатнашиб, у кишининг оғриққа тўла сўзларини эшитганимда, касаба уюшмалари бундай тарғибот ишларини янада жонлантириш лозимлигини тушуниб етдим.

Камоледдин АКБУТАЕВ,Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!