Click to listen highlighted text!

“ЭНГ ФАОЛ ЁШ ТАРБИЯЧИ” ҒОЛИБЛАРИ АНИҚ

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар Кенгаши томонидан “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси ” танловининг «Энг фаол ёш тарбиячи» номинацияси 1 босқич ғолиблари аниқланди.
Унда таълим муассасаларидан 13 нафар иштирокчилар иштирок этиб, низом шартларига кўра тақдим этилган хужжатлар, видеодарс, слайдлар ҳамда кўргазмали воситалар хакамлар хайъати томонидан баҳоланиб, ғолиблар аниқланди.
– Муассасамиз раҳбари Дилором Холматова кўрик – танлов учун номзод аниқлаш учун йиғилиш ўтказганларида устозларим томонидан тавсия қилиндим. Бу мен учун катта синов бўлди. Боиси, иш бошлаганимнинг эндигина учинчи йили, – дейди 1 ўрин соҳиби Гулистон шаҳар “Қувонч” мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Зохида Умаралиева. – Видеодарс шартида энг юқори баҳоланганим ғолиблигим асоси бўлди. Унда “Ақлли боғбон” эртаги асосидаги машғулотларим тасвирини тақдим қилган эдим. Гуруҳим билан биргаликда боғбон ва деҳқонни фарқлаш, эртакни видео ва аудио шаклида тинглаш, расмлар иштирокида саволларга жавоб бериш ҳамда меваларни ўзимиз ясаб ёпиштириш машғулотларини бажарганмиз. Болаларни рағбатлантиришда уларга одатдаги юлдузча, рангли картичкалар ўрнига китобчалар улашиш методини қўллаганман.
Якуний натижаларга биноан 1-ўрин “Қувонч” мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Зохида Умаралиева, 2-ўрин 9-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Дилдора Абдураупова ва 3-ўрин 3-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Дилдора Халиловаларга насиб этди.
Ғолиб қатнашчилар Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар Кенгашининг дипломлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Фарҳод Таштанов, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар Кенгаши раиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!