Click to listen highlighted text!

ТАДБИРЛАР КЎТАРИНКИ РУҲ ВА ЮКСАК САВИЯДА ЎТДИ

Сирдарё вилоятида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!” мавзусида тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Ушбу тарғибот тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Маданият, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Мудофаа вазирликлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот, Ёшлар маданият ва санъат, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим, Миллий ғоя ва мафкура марказлари, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, вилоят, туман, шаҳарлар ҳокимликлари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирларда таниқли адиблар, кино ва театр актёрлари, шоир ва ёзувчилар, олимлар, маънавият тарғиботчилари, “Ниҳол” мукофоти совриндорларидан иборат тарғибот гуруҳи аъзолари таълим муассасалари, спорт, маданият ва санъат масканлари, Болалар шаҳарчаси, ҳарбий қисмлар, хиёбон ва истироҳат боғлари. маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб аҳоли, айниқса уюшмаган ёшлар билан мулоқотда бўлди.

Учрашувларда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” китобида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз борди. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тизимли амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Жаннатмакон Ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари самаралари, халқимиз ҳаётида, онгу тафаккурида юз бераётган ижобий ўзгаришлар, ёшларимиз эришаётган улкан ютуқ ва марралар ҳаётий мисоллар орқали содда тилда тушунтирилди.

– Жонажон юртимизда тинчликни асраш етти ёшдан, етмиш ёшгача бўлган ҳар бир ўзбекистонликнинг асосий шиори бўлмоғи лозим, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова. – Муҳтарам Президентимизнинг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” номли китобининг мазмун-моҳияти ва унда илгари сурилган ҳаётий мисоллар ҳам аввало тинчликни асрашга йўналтирилган. Тинчликни асрайлик, юртимизни улуғлайлик, оналаримизни қадрлайлик. Ёшларимизни эса ана шундай келажаги буюк юртга муносиб фарзандлар этиб тарбиялайлик. Токи улар Ватанимизни ёвуз кучлардан, ёмон кўзлардан асрайдиган, элини корига ярайдиган, оғирини енгил, мушкулини осон қиладиган, буюк тарихимизни, миллий қадриятларимизни, маданият ва санъатимизни асараб-авайлайдиган, эъзозлайдиган мард ва олижаноб инсонлар бўлиб камол топсин.

Боёвут туманидаги маданият ва аҳоли дам олиш масканида ўтказилган тарғибот тадбирларида аҳоли, айниқса, ёшлар фаол иштирок этди.

– Таниқли олиму адиблар, ёзувчи ва шоирлар, машҳур санъаткорларнинг ўзлари бизнинг чекка бир қишлоғимизга келиб ёшларимиз билан юзма-юз учрашиб, дилдан суҳбатлашаяпти, – дейди 76 ёшли меҳнат фахрийси, боёвутлик Мамат бобо Қодиров. – Мамлакат раҳбарининг ўзи улар ҳақида ўйлаяпти, қайғураяпти, бундай ёшларга ҳавас қилмай бўладими.

Бугунги тадбирга набираларим билан келдим. Юртбошимизнинг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” номли китобининг мазмун-моҳияти ва унда илгари сурилган ғоялар ҳаётий мисоллар билан тарғибот гуруҳи аъзолари томонидан содда, ҳаммабоп қилиб батафсил тушинтириб берилди. Бугунги каби тадбирлар қанча кўп бўлса, шунча соз бўлади.

Вилоятнинг шаҳар ва туманларида бўлиб ўтган учрашувларда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга вазирлик, ҳокимлик вакиллари, олимлар, ёзувчви ва шоирлар, санъаткорларнинг атрофлича жавобларини олишди.

Тарғибот тадбирларининг якуний қисми вилоят марказидаги “Гулистон” марказий стадионида ўтказилган гала-концерт билан ниҳояланди.

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев сўзга чиқди.

А.ҚАЮМОВ,

ЎзА мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!