Click to listen highlighted text!

ҒАМХЎРЛИККА ЖАВОБИМИЗ ФИДОЙИЛИК

Сарвиноз Шокирова, Гулистон туманидаги “Сарвиноз Собиржоновна файзи” фермер хўжалиги раҳбари, делегат:

 

Пойтахтимиздаги муҳташам Симпозиумлар саройида ўтказилган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида иштирок этдим ва муҳтарам  Президентимиз Шавкат Мирзиёев маърузаларини тинглаш бахтига эришдим.

Маъруза бошида  давлатимиз раҳбари бугунги учрашувга кўпдан буён тайёргарлик кўрганликлари, биз ёшлар билан ёшимиз, лавозимдаги фарқларга эътибор бермасдан, худдики тенг бўлиб, чин дилдан, самимий бир суҳбат қуришни анчадан бери орзу қилиб келганликларини маълум қилдилар.

“Бугун сизларнинг қалбингиз, юрагингиздаги ўй-фикрлар, мақсад-муддаолар, керак бўлса, ушалмай турган ниятлар билан яқиндан танишиш, шу асосда ёшлар сиёсати бўйича олиб бораётган ишларимизни танқидий баҳолаб, тегишли қарорлар қабул қилишни мен ўз фаолиятим учун ғоят муҳим, деб ҳисоблайман”,- дедилар.

 Янги ташкил этилган ташкилот вазифаларини белгилаб берар эканлар, ёшларни ишончли иш билан таъминлаш  масаласида қимматли тавсиялар бердилар.  Аввало,  тадбиркорликни кенг ривожлантириш, бу борада янги имкониятлар яратиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар маълум қилинди. Мутасадди ташкилотларга ҳар бир туман (шаҳар) марказида Ёшлар тадбиркорлик кластерларини ташкил этиш вазифаси топширилди.

Ана шу кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш учун электр энергияси, табиий газ, сув ва транспорт коммуникацияси, алоқа воситалари ва Интернетга уланиш имконияти мавжуд бўлган ҳудудларда фойдаланилмай ётган давлат объектлари ёш тадбиркорларга “ноль” қиймати билан ижарага бериладиган бўлди. Шунингдек, ҳамма ҳудудларда ташкил этилаётган иқтисодий зоналарда, шаҳарларда эса кичик саноат зоналарида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг аъзоси бўлган ёш тадбиркорлардан ижара ҳақи олинмайдиган тартиб жорий этилиши назарда тутилмоқда.

Ҳунармандлик йўналишидаги тадбиркор ёшлар, айниқса, қизларнинг касаначилик билан банд бўлиши учун қулай шароит яратиш,  бўш турган объектлардан имтиёзли шартлар асосида жой ажратиш, минитехнологиялар, асбоб-ускуна ва зарур жиҳозлар ўрнатиб бериш кўзда тутилмоқда.

Жумладан, ёш ҳунармандларга хом ашё сотиб олиш учун кредитлар бериш, ўз бизнесини бошлаган ёш тадбиркорлар томонидан Пенсия жамғармасига тўланадиган суғурта бадалини олинган кредитларни қоплашга йўналтириш тизими жорий этилиши ўзим каби тадбиркор ёшлар, қизлар сафи ортишига хизмат қиладиган бўлди.

Ёшим 24 да,  шу кунга қадар 60 дан ошиқ турли танловларда иштирок этдим.  “Ёш фермер”, “Ёш мутахассис” танловларининг менга берган таълим ва тажрибасини алоҳида таъкидлашим мумкин. 2012 йил Гулистон туманидаги агросаноат касб ҳунар коллежини тамомлабоқ 46 гектар майдонда фермерлик фаолиятимни бошладим. Худога шукур, ҳар йили режани бажариш билан бирга 6 та доимий, 22 та мавсумий иш ўринларини таклиф қилиб келмоқдаман. Шуни алоҳида таъкидлашим зарурки, фаолиятим давомида вилоят ва туман хотин-қизлар қўмитаси мени доимий қўллаб-қувватлаб келяпти. Келажакда фаолиятимни ривожлантириш, маҳсулот етиштириш ва яратишда такомиллашишини ният қилганман. Бу борада юртимизда ҳамма шароитлар етарли. Қурултойда очиқ фикр-мулоҳазаларни билдириш чоғида техник  воситалари борасида кўмак лозимлиги ҳақида айтдим, қарангки,  уйимга  етиб келмасимдан ҳайдов ва чопиқ тракторлари даламга келтирилгани, президентимиз ғамхўрликлари билан дастлабки 40 фоизи тўлаб берилганлиги ҳақидаги хабарни вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўролова шахсан қўнғироқ қилиб хабар берди ва табриклади.

Давлатимиз биз учун барча шароитни, имтиёз ва имкониятни яратиб бермоқда. Демак, бизнинг жавобимиз – фақат яхши ташаббуслар кўрсатиш, фидоий бўлишдан иборатдир.

 

 

Озода Мамадалиева суҳбатлашди.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!