Click to listen highlighted text!

ЭҲТИЁЖМАНД ИНСОНЛАРГА ЮКСАК ЭЪТИБОР

Мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори мамлакат миқёсида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, эҳтиёжманд, жисмоний имконияти чекланган инсонларни манзилли қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш имконини бермоқда.
Мазкур Қарор ижроси юзасидан Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра уй-жойга, маиший техника жиҳозларига эҳтиёжи бор, яшаш жойларини таъмирлаш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланиб, аҳолининг кам таъминланган тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқилди. Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида олиб борилаётган мазкур хайрли ишлар натижасида бугунги кунгача республика бўйича 22 мингдан ортиқ оила кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари билан таъминланди. Кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи 900 нафарга яқин бемор инсонга соғлиғини тиклаши учун, 1300 дан ортиқ оилага уй-жойини таъмирлаш учун моддий ёрдам кўрсатилди.
Айни кунда эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, Сирдарё вилоятида ҳам Президентимиз ташаббуслари билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасидаги тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Йил бошидан аниқланиб, рўйхати шакллантирилган, кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи 66 нафар бемор инсонга соғлиғини тиклаши учун 4 миллион сўмгача моддий ёрдам берилди.
Шу билан бирга, Президентимизнинг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори натижасида Сирдарё вилояти бўйича эҳтиёжманд 770 та хонадон кундалик турмушда зарур бўлган, 803 млн сўмлик газ плита билан таъминланиш кўзда тутилган бўлиб, шу кунларда ушбу жиҳозлар ўз эгаларига етказилмоқда.
Шу йил 12 май куни Гулистон шаҳри маҳаллаларида истиқомат қилаётган 70 нафар эҳтиёжманд, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги мавжуд аъзолари бор оилалар вакилларига вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан Президент совғаси – газ плиталари топширилди.
– Оиламизда мен ҳам, турмуш ўртоғим ҳам ногиронмиз, – дейди Маънавият маҳалласида истиқомат қилувчи, туғма ногирон Иноят Ўринбоева. – Вояга етмаган 2 нафар фарзандимиз бор. Маҳалламиз фаоллари хонадонимизга келиб, ижтимоий-иқтисодий аҳволимизни ўрганди. Яроқсиз аҳволга келиб қолган эски плитамизни кўриб, янги газ плитаси совға қилишларини айтганларида, тўғриси ишонмадим.
Бугун бу ерда “Artel” фирмасида ишлаб чиқарилган замонавий газ плитаси совғани қабул қилиб олганимда беихтиёр кўзимда ёш чиқиб кетди. Биз ночорларни ўйлаётган, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатаётган давлатимиздан бир умрга миннатдормиз.
– Вилоятнинг яна 2 шаҳри ва 8 туманида ҳам худди шундай саховат тадбирлари бўлиб ўтади, шу ҳафтада шакллантирилган рўйхатда турувчи эҳтиёжманд оилаларнинг барчасига газ плиталари етказилади, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси ўринбосари Қаршибой Эшназаров.
Сирасини айтганда Президентимиз ташаббуслари билан ҳудудларда кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида ижтимоий-иқтисодий муаммолари мавжуд инсонларнинг мушкуллари осон бўлиб, кўнгиллари тоғдек юксалтирмоқда. Энг муҳими эҳтиёжманд инсонларнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланмоқда.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!