Click to listen highlighted text!

ЎРГАНИШЛАР ҚОҒОЗДА ҚОЛМАДИ

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида “Аёллар дафтари”ни шакллантириш даврида ишчи гуруҳ томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий ҳолати ўрганилди. Натижада 23 минг 339 та анкета сўровномалари тўлдирилди. Дафтарга киритилган 2 минг 707 нафар хотин-қизларнинг муаммолари ечимига астойдил киришилди. Уларни ижтимоий қўллаб – қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар доимий равишда мониторинг қилиб борилмоқда.
Жумладан, 9 та тоифалар бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди:
Ишсиз бўлган 1 минг 113 нафар хотин-қизнинг 540 нафари бандлаги таъмин бўлди.
Ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган 149 нафар аёлга моддий кўмак ажратилди.
Тиббий ёрдамга муҳтож бўлган 139 нафар аёлга тиббий хизмат кўрсатилди.
403 нафар хотин-қизга ҳуқуқий ва 477 нафарига психологик маслаҳат берилди.
Туманнинг “Фарҳод” МФЙида яшовчи Хосият Мустофақулова соғлиғида жиддий ўзгариш борлигини пайқади. Текширувлар унда кўкрак саратони борлигини аниқлади. Юртимизда онкологик хизмат бепул кўрсатилади. Шу боис ҳам, қўли “юпқа” бўлса ҳам, ўз вақтида тиббий муолажани олишга эришди. Ҳозирги пайтда тикловчи муолажалар учун дори-дармонга эҳтиёжи бор. Хосият опанинг саломатлиги тикланиши учун моддий ёрдам ажратилди.
Шу маҳаллалик Норой Аллаёрова сўнгги 5 йилки, саломатлигида жиддий ўзгариш бўлди. Қон босимининг ошиши туфайли ҳаракатланиш қобилиятини йўқотди. Бунинг устига 93 ёшли онаси билан ёлғиз ўзи яшайди. Ана шундай пайтда қариндош, қўшнилар, маҳалла аҳли парваришига қарашди. Ҳозир ҳассага суяниб бўлса-да, ҳаракатлана олади. Унинг шароити, тиббий муолажага мухтожлиги ўрганилиб, дори-дармон учун моддий кўмак кўрсатилди.
Зилола Муқимова ошқозон-ичак касаллиги билан оғрийди. Ўтган йили йиқилиш оқибатида оёқ-сон суягини синдириб олди. Шу кунларнинг оғири ҳам танида, ҳам рўзғорида билинди. 4 нафар ўғилни ёлғиз катта қилиш осон кечмади. Хонадоннинг яхши-ёмон кунлари маҳалла фаолларига таниш. Ёрдам бўлиши учун моддий кўмак берилди. Яқинда тўнғичлари Ҳасан ва Хусанларни уйлантириб, қўшалоқ келин туширди.
– Ўғлим ўқишга кирди, келин олиб, қизли бўлдим, ҳаётимизда ижобий ўзгаришлар бор. Яхши одамларнинг қадами, берилган ёрдамнинг баракаси бор экан, -дейди Зилола ая.
“Беруний” МФЙлик Боғдагул Солиеванинг ишлашга мухтожлиги маълум бўлди. Оиланинг ёлғиз ўғли иш жараёнида шикастланиб, ногирон бўлиб қолди. Фарзанди соғлиғини тиклаш, рўзғорни тебратиш учун муносиб иш излаётганди. Ҳамшира сифатида туман поликлиникасига ишга жойлашишига кўмаклашилди.
Худди шундай, Моҳира Холиқулова 2 нафар фарзандини ёлғиз тарбия қилиб келмоқда. Тиббиёт дипломи борлиги қўл келиб, ҳамшира бўлиб иш бошлади.
Муқаддас Келдиева болалигида тикувчилик ҳунарини ўрганган. Турмушга чиқиб, 3 нафар фарзанд парвариши билан бўлиб, шу кунгача ҳеч қаерда ишламаган. Рўзғорини бут қилишда турмуш ўртоғига қарашишни ният қилиб, уй шароитида тикув цехи очишни ният қилди. 10 млн. 500 минг сўм кредит евазига 2 та тикув машинаси, битта дазмол олиб ишни бошлаб юборди. Маҳалладаги икки нафар қизлар шогирд тушиб, аёллар либослари, келинлик тақинчоғи, тиллақош каби зийнатларни ясашни бошлашди.
А.Навоий маҳалла биносининг бўш қисмида тикув цехи ташкил этилди. Дафтарда рўйхатда бўлган 5 нафар хотин-қизлар аввал ҳунарга ўқитилди. Ҳозирда тўлиқ иш билан таъминланди. Уларнинг ёнига яна 5 нафар қизлар шогирд тушишди. Бу ерда аёллар либослари, болалар нимчаси тикилиб, ички бозорларга тарқатилмоқда. Туманнинг энг чекка ҳудуди бўлмиш маҳаллада тикувчилик хизмати йўлга қўйилгани шу ернинг аҳолиси учун ҳам фойдали бўлди. Қарангки, биринчи иш кунидаёқ буюртмалар қабул қилинди.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Сирдарё вилояти кенгаши
Ташкилий ишлар бўлими мудири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!