Click to listen highlighted text!

ХОДИМ ҲУҚУҚИНИ БИЛСА

Боёвут туманлараро “Агрокимёҳимоя” минерал ўғитлар базасида ишловчи 24 нафар ишчилар ариза билан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашига мурожаат қилди. Маълум бўлишича, улар бир неча йиллардан буён ушбу базада меҳнат шартномаси асосида турли вазифаларда ишлаб келишган. Уларга 2017 йилнинг октябрь ойидан буён иш ҳақлари тўлаб берилмаган. Бундан ташқари ходимлар тунги ва иш вақтидан ташқари ишларга жалб этилган, бироқ улар билан келишув шартномаси расмийлаштирилмаган. Натижада тунги ва иш вақтидан ташқари меҳнатлари учун ҳақ нотўғри тўланган.
Ходимлар ўз шикоятларида жамоа шартномаси бандларида бўла туриб, улар учун соғлом ва хавфсиз шароитлар етарлича яратилмагани, уларга махсус кийим – бош, пойабзал, бошқа шахсий гигиена воситалари, сут ва озиқ – овқат маҳсулотлари билан таъминланмаганликларини маълум қилишган. Бунинг билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 154, 157, 158 -моддалари, Меҳнатни муҳофаза қилиш қонунининг 18-моддаси талаблари бузилган. Меҳнат қонунчилиги бузилишини бартараф этиш тўғрисида “Агрокимёҳимоя” минерал ўғитлар базаси мудири номига тақдимнома киритилди. Натижада ташкилотда умумий йиғилиш ташкил этилиб, йўл қўйилган камчиликлар муҳокама этилди ва ишчиларнинг талаблари қондирилди. Ойлик иш ҳақлари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ходимларга тўлаб берилди.

Шириной Умаралиева,Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими мудири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!