ҚИЗЛАР ДАВРАСИ –ГУЛЛАР ДАВРАСИ

       Қизларни баҳорга қиёслашади. Фақат баҳоргина ўзбек қизларида бор гўзалликни такрорлайди.  Гулистон шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ўтган “Қизлар давраси” баҳорнинг илк даракчилари – бойчечаклар базмини эслатди.

           Нозик жуссаларига ярашган, чиройли миллийлик уфуриб турган кийимларни кийиб олишган, сочлари ўзларига ярашиғлик турмакланган қизлар – касб-ҳунар коллежлари ўқувчи қизларининг энг фаоллари – эпчиллигу чаққонликда, пазандаликда, зукколик ва билимда  ўзларининг бошқалардан устун эканликларини билдириш мақсадида беллашдилар.

       “Қизлар давраси” да иштирок этган Сайхунобод тумани Турон МФЙ вакили Шодия Исрокулова, Гулистон тумани Деҳқонобод ШФЙ дан Азиза Ҳакимова, Оқолтин тумани Гулзор МФЙ дан Ҳилола Нормуҳаммедова, Боёвут тумани Қаропчи МФЙ дан Нилуфар Эргашева, Гулистон тумани Юлдуз МФЙ дан Нигора Худойбоқова,  Оқолтин тумани Мустақиллик МФЙдан Шаҳноза Маропова, Гулистон тумани Зарбдор МФЙдан Сарвиноз Баротовалар кўрик-танловнинг биринчи шарти – ўзларини таништирувни қойиллатиб бажардилар. Қизларнинг нотиқлик маҳорати, шеърий сатрларни маромига етказиб  ифода этишлари томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлди.

        Иккинчи шарт – пазандалик бўйича ҳам  қизлар ўзларининг бор маҳоратларини ишга солдилар. Тақсимчаларга солиниб, чиройли безатилган, бири-биридан мазали  баҳорий салатларнинг номланиши ҳам қизларнинг юксак дидидан дарак бериб турарди. Салатлар учун бир хил сабзавотлар ва ярим фабрикатлар ишлатилди. Мисол учун, Шодия Исрокулова помидор, бодринг, пишлоқ, салат барги ва қайнатилган мол гўштидан ўзига хос усулда тайёрлаган “Меҳрибоним” салати, Сарвиноз Баротованинг “Кунгабоқар” салати, Ҳилола Нормуҳаммедованинг “Антиқа” салати, Азиза Ҳакимованинг “Ёқимли иштаҳа”салати, Шаҳноза Маратованинг “Лайлак уяси” салати ҳакамлар ҳайъати томонидан юксак баҳоланди. Айниқса, Ҳилоланинг меҳр билан тайёрланган “Антиқа”салати меҳмонлар учун ҳам, оила тушлиги учун ҳам дастурхон безаги бўла олиши эътироф этилди.

        Учинчи шарт –“Онам учун совға” шартида ҳам қизлар ўзларининг бор фантазияларини ишга солдилар. Улар томонидан танлов жараёнида ясалган, тақинчоқлар учун қутичалар,  саватчалар, гулдасталар  барчани бирдек  маҳлиё қилди.

    Тўртинчи шарт – либос ва дизайн бўйича қизларимиз  барча ҳудудлар миллий кийимларини томошабинлар эътиборига намойиш этдилар. Бухороча зардўзи камзуллар, Хоразмча тиллақошлар,  фарғонача ўралган дуррачаю атлас кўйлак, бахмал нимчалар – хуллас, барчаси қизларимиз эгнида жилоланиб кўзларни қамаштирди.

         Қизлар даврасида иштирок этган “энг қувноқ қиз” деб     Шаҳноза Маропова, “Энг зукко қиз”   номинациясига – Шодия Исрокулова, “Энг пазанда қиз”  деб Азиза Ҳакимова, “Энг маҳоратли дизайнер” номинациясига Ҳилола Нормуҳаммедова, “энг билимдон қиз” номинациясига   Нигора Худойбоқова   муносиб деб топилдилар. Қизларга ташкилотчилар – вилоят хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ вилоят бўлими ҳамда ўрта-махсус касб-ҳунар таълими бошқармасининг дипломлари ва ҳомийларнинг эсдалик совғалари топширилди.

    – Бундай тадбирлар қизларимизнинг ҳар томонлама баркамол, миллий урф-анъаналаримиздан бохабар вояга етишларида катта аҳамиятга эга, – дейди тадбирда сўзга чиққан  вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилшода Ҳайдарова. – Қизларимизнинг шарқона одоби, ибо-ҳаёси, момолар удумларидан хабардорликлари уларнинг келгусида яхши турмуш ўртоғи, оила бекаси, она бўлиб вояга етишлари, улар қуражак оила жамиятимизнинг мустаҳкам пойдеворига муносиб ҳисса қўшишидан даракдир.

 

                      Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email