ОИЛА – МУҚАДДАС МАСКАН
15 май –Халқаро Оила кунига бағишлаб, Гулистон шаҳридаги Никоҳ уйида Республика “Оила” илмий-амалий маркази Сирдарё вилоят бошқаруви ҳамда вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳамкорликда шу мавзуда байрам тадбири ўтказилди.
Тадбирга 11та туман-шаҳардан 11 та намунали оила, ҳар соҳада фаол аёл ва қизлар, шу билан биргаликда байналминал марказлар вакиллари таклиф этилдилар.
Тадбирни Республика “Оила” илмий-амалий маркази Сирдарё вилоят бошқаруви раиси Сабоҳат Зунунова очди. У тадбир иштирокчиларини байрам билан қутлаб, ушбу сананинг юртимизда нишонланиш тарихи, аҳамияти, Ўзбекистондаги оила институтининг бетакрор жиҳатлари ҳақида сўзлаб берди. Сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари Эркин Мирзаев ҳам байрам иштирокчиларига ўзининг дил сўзларини изҳор этди.
Айтиш керакки, миллий маданий марказларнинг ушбу тадбирга жалб этилганлиги, улар ижросидаги турли миллатлар тилида куйланган қўшиқлар, ижро этилган рақслар барчанинг олқишларига сазовор бўлди. Қозоқ миллий маданий маркази томонидан тайёрланган “Ёр-ёр” остида қозоқ жуфтлигининг кириб келиши, қозоқ келинининг “келин саломи” ҳам давра иштирокчиларининг олқишларига сазовор бўлди.
-Оилага Марказий Осиё, айниқса, Ўзбекистонда давлат даражасида аҳамият қаратилади, – дейди Никоҳ уйи мудираси Лола Муратова. – Бунга Конституциямизда белгиланган бандлардан ташқари, 1998 йилда қабул қилинган “Оила”кодекси, 2003 йилда қабул қилинган “Никоҳдан олдинги тиббий кўрик” тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори, буларнинг барчаси жамият пойдевори бўлмиш ёш оилаларнинг мустаҳкам бўлишига қаратилган саъй-ҳаракатлардир.
Тадбирда иштирок этган намунали оилалар соҳиб ва соҳибалари ҳам сўзга чиқиб, 30 йил, 40 йил давомида бирга яшаб, униб-ўсиб, фарзандларни биргаликда вояга етказиб, уйлантириб, роҳат-фароғатда яшаётганликлари ҳақида сўзлаб бердилар. Сирдарё туманидан ташриф буюрган Тошалиевлар оиласи бошлиғи Аҳмаджон ота ва Холида опалар 45 йилдан буён оила қўрғонини асраб-авайлаб келяптилар. Аҳмаджон ота нафақада бўлишларига қарамасдан, ҳозирги кунда ҳам Сирдарё саноат касб-ҳунар коллежида ёшларга сабоқ бериб келяптилар.
Тадбирда ота ўзининг “Ўзингизни билинг, саломат бўлинг” номли китобини иштирокчиларга тақдим этди. Унда соғлом турмуш тарзи, оилани қандай асраш борасида ўз тавсияларини акс эттирганлиги сўзлаб берди.
Сайхунобод туманидан ташриф буюрган Раҳмонбердиевлар оиласи – Нўъмонжон ота ва Санобархон оналар ҳам 49 йилдан буён бирга ҳаёт кечиришмоқда. Отахон ва онахон 4 нафар ўғил, бир нафар қизни ўстириб, вояга етказишди, бугунги кунда 14 набираси қуршовида олтин кексалик даврини суришмоқда. Тадбирда қўшқанот бўлиб иштирок этган Нуъмонжон ота ва Санобархон она ўз муқаддас қўрғонларини асраш сирлари билан ўртоқлашдилар.
Байрам тадбири давомида Никоҳ уйида никоҳдан ўтиш тантанаси ҳам ўтказилди. Мирзаобод туманилик Мансур Собиров ва Тошкент вилояти Чиноз туманидан Гулсанам Муродқосимовалар бахт узукларини тақишди ва шу даврада ўтирган, ўзларининг “олмос”, “олтин”ва “кумуш” тўйларини нишонлаган намунали оилалар вакилларининг дуоларини олишди.
Тадбирда Рус миллий маданий маркази қошидаги “Гармония” ансамбли солистларининг чиқишлари, айниқса, олқишлар билан кутиб олинди.
-15 май –Халқаро оила кунига бағишлаб республикамиз миқёсида “Мутаҳкам оила ҳафталиги” ўтиказилмоқда. Ушбу байрам тадбири тадбирларимизнинг дебочаси бўлиб, барча-шаҳар туманлар, маҳалалаларда ҳам шундай тадбирлар ташкил этилади, – дейди Республика “Оила” илмий-амалий маркази вилоят бошқармаси раҳбари Сабоҳат Зунунова. – Бугунги байрамимизни ташкил этишда бизга яқиндан кўмак берган ҳамкор ташкилотлар – вилоят маданият, адлия бошқармалари, Гулистон шаҳридаги “Болалар шаҳарчаси” ва бошқаларга чин дилдан миннатдорчилик билдираман.
Муяссар Ҳасанова, Гулистон шаҳар “Оила” маркази раҳбари