АҲОЛИ ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТИНИ ЮКСАЛТИРИШ ЗАРУР
Ушбу мақоламга айнан шундай сарлавҳа қўйганимнинг сабаби – кейинги пайтда фуқароларимизнинг ўз аризаларини бевосита уларнинг муаммоларини ҳал қилувчи органларга эмас, балки тўғридан тўғри юқори давлат органларига, шу жумладан Омбудсманнинг юқори органи – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакилига юбораётганлигидадир. Ҳолбуки, баъзи шикоятлар шу жойнинг ўзида, ҳуқуқшунос кўмагида ҳал қилиниши мумкин оддий саволларни ўз ичига олган.
Сирдарё вилоятида фаолият кўрсатаётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (омбудсман)нинг Сирдарё вилояти бўйича Минтақавий вакилига Гулистон шаҳар, 3 мавзеда истиқомат қилувчи Манзура Назирова ва яна 4 нафар тадбиркор аёллардан ариза тушди. Фуқаролар ўз мурожаатларида Гулистон шаҳар янги деҳқон бозорида уларнинг савдо-сотиқ қилишлари учун шароит йўқлиги, деҳқон бозори раҳбарияти томонидан улар учун раста ажратиб берилмаётганидан шикоят қилишган эди.
Минтақавий вакил муаммонинг ечимини топиш мақсадида Гулистон шаҳар деҳқон бозори маъмуриятига хат орқали мурожаат қилди. Деҳқон бозор маъмурияти жавоб хатида улгуржи савдони амалга ошириш учун бозорнинг 2-босқич қурилишида 152 та улгуржи савдо дўконлари қурилиши режалаштирилганлигини маълум қилиб, барча тадбиркорларга ушбу дўконлардан жой ажратилишини билдирди. Тадбиркорлар билан суҳбат ўтказилиб, уларни бозор маъмуриятининг жавоб хати билан таништирилди.
2018 йилнинг 1-чораги давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)нинг Сирдарё вилояти бўйича Минтақавий вакили номига турли хил мавзуда 11 та мурожаат келиб тушди, улардан 4 таси ёзма, 7 таси оғзаки мурожаатлардан иборат. Жумладан, Омбудсман котибиятидан юборилган мурожаатлар 4 та, 7 нафари шахсий қабулидаги мурожаатни ташкил қилади. 11 та мурожаатнинг 10 таси ижро этилди, 1 таси назоратда.
Шуни ҳам айтиш жоизки, кейинги пайтда фуқароларимиз томонидан битта мурожаат билан бир неча инстанцияга, ёки бўлмасам, тўғридан тўғри Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилиш одат тусига кирди, аслини олганда ушбу мурожаатларнинг кўпчилиги шу ернинг ўзида, битта мурожаат хати билан ечиладиган муаммолар. Буни мурожаатларнинг мазмуни ҳам айтиб турибди.
Мисол учун, тушган мурожаатларнинг мазмунини кўриб чиқсак:
-оилавий ва маиший масалалар – 1 та,
-тадбиркорнинг ҳуқуқи бузилиши – 1 та
-ер ажратиш масаласида – 1 та
-имтиёзли кредит олиш масаласида – 2 та
-тиббий хизмат олиш масаласида -2 та
-уй таъмирланиши ҳақида -1 та
-мулк ва мерос масаласида -1 та
-суд қароридан норозилик ҳақида- 1 та
-бошқа масалада – 1 та.
Кўриб турганингиздек, деярли барчасида ҳуқуқшунос кўмаги керак. Шунга кўра 2018 йилнинг 1-чораги давомида фукароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ва ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўп бўлган жойларда 7 маротаба семинар, давра суҳбатлари ва маърузалар ўтказилди. Бунда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига риоя этилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш ва Ўзбекистон Республикаси «Одам савдосига қарши курашиш», Ўзбекистон Республикасининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунлари моҳияти ва аҳамияти, ҲМТнинг Ўзбекистонда ратификация қилинган Конвенциялари, Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар ижроси ҳамда Коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонунлар моҳияти, Ватанимиз мустақиллиги, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳақида маърузалар ўқилди.
Бу ўтказилган семинар ва давра суҳбатида иложи борича кўпроқ аҳоли, шу жумладан, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ишчи-ходимлари билан бир қаторда тадбиркорлик субъектлари ҳам қамраб олинди.
Бундай суҳбатларда фуқароларни кейинги пайтда қабул қилинаётган қонунлар, Президент қарор ва фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси қарор ва фармойишлари билан таништирилиб, уларга ушбу қарорлар шарҳи билан электрон сайтларда, босма ОАВларда танишиш мумкинлиги айтилмоқда.
“Ишонч”телефони (225-14-98) ташкил этилган бўлиб, ҳафтанинг белгиланган кунлари “Ишонч” телефонлари орқали фуқароларнинг мурожаатларига тегишли маслаҳатлар бериб борилмоқда. 2018 йилнинг 1 чораги давомида «Ишонч» телефонларига 7 нафар фуқаролар ҳар хил муаммолар борасида телефон қилишган ва уларга мутахассислар томонидан керакли маслаҳатлар берилди.
Камоледдин Акбутаев,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (омбудсман)нинг Сирдарё вилояти бўйича Минтақавий вакили