Click to listen highlighted text!

ИШЛАШ УЧУН ШАРОИТ БОР

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги “Фортуна текстил” МЧЖ пахта толасини қайта ишлаш орқали калава ип ишлаб чиқаради. Тўлиқ экспортга йўналтирилган маҳсулотлар қисқа вақтда дунёга танилди. Ташкил этилган турли кўргазма, халқаро танловларда фаол иштирок этиб ғолиблик сертификатлари ва эсдалик нишонларига сазовор бўлмоқда. Айни пайтда 254 нафар иш ўрни яратилган. Ишчи – ходимларнинг 90%ини хотин – қизлар ташкил этади. Корхонага энг замонавий ип йигириш, тикув ва тикув дастгоҳлари Германиядан келтирилган бўлиб, тўлиқ компютерлашган ҳолда ишлайди.
Иш тўрт сменада ташкил этилган. Оддий қишлоқ қизлари бугунги кунда энг замонавий дастгоҳларни моҳирлик билан бошқараётганини кўриб ҳавасингиз келади. Қисқа вақтда корхонада ўз меҳнатсеварлиги билан барчага намуна бўлаётган ишчи ва хизматчилар сони ортиб бормоқда. Озода Хатамова, Муҳтарам Қулназарова ва Шаҳноза Ботирова каби кўплаб ишчи ва хизматчилар ўзларининг ҳалол меҳнати билан корхона фахрига айланишган. Корхона маъмурияти ва касабақўми Гулшода Абдуллаева асосий эътиборни ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимоясига қаратишган. Ишнинг унуми, сифати ишловчиларга яратилган широитда эканлигини билишган маъмурият ишчи ходимлар учун қатнов транспорти, иссиқ овқат, тиббий хизмат, маиший хизмат шаҳобчалари ташкил этилган ва буларнинг барчаси бепул хизмат кўрсатади. Йилига бир марта барча корхона хизматчилари бепул тиббий кўрикдан ўтиши амалда.
Смена усталари ишчиларнинг тоза кийими-ю, вақтида иш бошлаши, тўғри овқатланиб, яхши дам олишигача эътиборда экан. Ишдаги муваффақият сири касбга меҳр ва интизом билан ёндошганимизда, дейишди қизлар.
Корхонада меҳнат муҳофазасини ташкил этиш, иш жойларида ҳавфсиз меҳнат шароити яратиш бўйича доимий ва жиддий иш олиб борилади. Ҳар бир цех ва бўлимда техника ҳавфсизлиги бурчаклари ташкил этилган ва ҳар бир ходим билиши зарур бўлган билимлар тушунтириш ишлари режа асосида олиб борилмоқда. Бу борадаги амалий ҳаракатлар натижасида ҳали корхонада биронта бахтсиз ҳодиса рўй бермаган.
Чекка туманлардан келиб ишловчилар учун қатнов транспорти йўлга қўйилган. Шунинг учун ҳам корхонада оилавий бўлиб ишловчилар бисёр.
-Коллежни имтиёзли тамомлаб олий ўқув юртига ҳаракат қилдим. Икки йил ҳам омадим келмагач, опам ва акам ишлаётган корхонага ишга кирдим, – дейди Одина Холдорова. – Ўрта маълумот билан муваффақиятга эришиб бўлмайди деб ўйлардим. 6 йиллик фаолиятим давомида оддий ишчиликдан цех иш юритувчисига айландим. Ҳозирда 12 нафар қизларга бошчилик қиламан. Бу йил касаба уюшмаларининг “Энг фаол ёш ипакчилик саноати ходими” танловиннг вилоят босқичида иштирок этиб, ғолиби бўлиб касбимга меҳрим янада ошди.
-8 йилдан буён шу соҳада ишлайман, – дейди Озода Хатамова. – Ҳар куни бир хил вазифани бажарсам ҳам сира зерикмайман. Мураккаб техникани бошқараётганимдан завқ оламан.
– Корхона атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари кенг кўламда ташкил этилган. Ҳар бир цех ва бўлимга корхонада кўчат экиш учун майдончалар ажратилди. Натижада 4 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар экилиб, парвариш қилинмоқда, – дейди Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоят бўйича маъсул ташкилотчиси Эргаш Бўриев. – Корхона боғбони ва гулчиси Неъмат Алимов касаба уюшмаларининг “Ўз касбининг моҳир устаси” танловида иштирок этиб фахрли ўрин соҳиби ҳам бўлди.
Ҳар бир байрам корхонада цехлар ва бўлимлар ўртасида кенг нишонланиб борилади. Корхонада спорт тадбирлари ташкил этишга алоҳида аҳамият берилади. Шахмат, шашка, стол тенниси мусобақалари доимий ўтказиб борилади ва ғолиблар тақдирланади. Ишчи ва ходимлар Тошкент шаҳридаги музей ва театрларга, қадимий шаҳарларга саёҳатларга боришмоқда.
Хуллас, корхонада “мазза” қилиб ишлаш учун шароит бор.

Озода Мамадалиева, “Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!