СИРДАРЁЛИК ИШБИЛАРМОН АЁЛЛАР АНИҚЛАНДИ
Ўзбекистон Либерал Демократик партияси ташаббуси билан, Сирдарё вилоят хотин-қизлар қўмитаси, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида Гулистон шаҳридаги Маънавият ва маърифат маркази биносида “Ишбилармон аёл” кўрик – танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз тараққиёти ва турмуши фаровонлиги йўлида фаол иштирок этаётган ташаббускор, изланувчан тадбиркор ва фермер аёллар ўртасидаги ушбу танловнинг ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган. Тадбир орқали замонамизнинг қаҳрамон аёллари кашф этиб борилмоқда. Вилоятимизда ўтган йили республика босқичи ғолиби бўлган Оқолтин туманилик кўптармоқли фермер хўжалиги раҳбари Асалхон Давроновага ҳавас билан эргашиб, ўз имкониятларини кенгайтириб бораётган ишбилармон аёллар сафи кўпайиб бораётир.
Дастлаб танловнинг туман, шаҳар босқичлари ғолиблари бўлган 11 нафар иштирокчилар ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлари кўргазмасини намойиш этишди.
Гулистон шаҳри вакили Шоира Азимбоева ёш ҳунармандлардан. У оддий металл парчаларидан миллий тақинчоқлар тайёрлаш билан шуғулланади. Қатнашчилар турли рангдаги тошлар билан безак берилган нафис буюмлардан кўзларини уза олишмади.
Ширин шаҳар вакили Мўътабар Андаева эса тажрибали тадбиркорлардан. Аёллар ва болалар либослари тикишга мўлжалланган корхонаси 2005 йилда ташкил этилган. 10 га яқин қизларнинг дизайнер яратган либосларни намойиш этиши тадбирга янадажозиба бағишлади. Мирзаобод туманилик Мафтуна Мамажонова эчкичиликка эътибор қаратиб, эчки сутидан 10 дан зиёд маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Тадбирнинг асосий қисмида иштирокчилар ўз фаолиятлари давомида дуч келган муаммо ва қийинчиликлари, уларни қай тарзда бартараф этганликлари ҳақида гапириб бердилар.
Қатнашчилар барча шартлар бўйича нуфузли ҳакамлар томонидан баҳоланиб борилди. Натижаларга кўра Боёвут туманилик Моҳинур Орзиқуловага 1 – ўрин, ширинлик Мўътабар Андаевага 2 – ўрин, сайхунободлик Дилфуза Артиқова ҳамда янгиерлик Соҳиба Ғаффороваларга 3 – ўрин насиб қилди.
-Ёш бўлишимга қарамай, менга ,ишониб имконият беришганидан хурсандман, – дейди танлов ғолиби Моҳинур Орзиқулова. – Тикувчилик билан фаолият бошлаган эдим. Бугун корхона раҳбариман. 10 га яқин турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқараяпмиз. Яқинда Ҳунармандлар уюшмаси кўмагида 7 фоизли имтиёз билан 10 млн сўм миқдорида кредит олдим. Маҳсулотларимизни қўшни вилоятлар бозорларига чиқариб келмоқдамиз. Келгусида албатта хорижга экспорт қилиш ниятимиз бор. Асосан коллеж битирувчилари ва уйда ўтирган аёллардан шогирдлар чиқарамиз. Республика босқичида иштирок этишим тадбиркорлик борасида билимларимни бойитиш ва ишбилармонлик фаолиятимни ривожлантиришга хизмат қилади деб ўйлайман.
Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Озода МАМАДАЛИЕВА.