Click to listen highlighted text!

ОРОМГОҲЛАРДА ҚУВНОҚ ТАДБИРЛАР

Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорлигида жорий йилнинг 12 июнь – «Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни»га бағишланган «Янги авлод хавфсизлиги ва саломатлиги» тадбирини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, шу шиор остида Сирдарё вилояти, Сирдарё туманидаги “Сирдарё”оромгоҳида ҳам қатор тадбирлар бўлиб ўтди.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашма Кенгашининг Меҳнатни муҳофаза қилиш, Маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлимлари ҳамда Ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси, вилоят халқ таълими бошқармаси, “Соғлом авлод учун” халқаро ҳукуматга қарашли бўлмаган хайрия фонди вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилган тадбирлар давомида мавзуга оид слайд ва видеороликлар билан тақдимот ўтказилди. Бирлашма меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Бозорбой Исматов тақдимотда бутун жаҳонда болалар меҳнатининг кўринишлари ва унга қарши кураш, болалар учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Рус миллий маданий маркази қошидаги “Гармония” ансамбли хонандалари билан оромгоҳдаги қўшиқ ва рақс тўгараги аъзоларининг учрашуви мастер-классга айланиб кетди. Болалар ансамбль хонандалари билан қўшиқлар куйладилар ва рақсларга тушдилар.
Ўйингоҳларда футбол, стол тенниси, шахмат-шашка, “Қувноқ стартлар” бўйича мусобақалар, китобхонлик, шеърхонлик, иқтидорли болалар иштирокида «Янги авлод хавфсизлиги ва саломатлиги» шиори остида расм чизиш танлови ўтказилди ҳамда расмлар кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбирлар “Ўзбекистон –умумий уйимиз” дўстлик фестивалига уланиб кетди. Болалар “Гармония”ансамбли билан қўшилиб рус ва ўзбек, тожик тилларида қўшиқлар куйладилар, рақсларга тушдилар.
Якунда энг фаол иштирокчилар ҳомий ташкилотларнинг совғалари билан тақдирландилар.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!