ЁШЛАР ТАРАҚҚИЁТИМИЗ ТАЯНЧИ
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 27 июнь санасида мамлакатимиз келажаги равнақи йўлида муҳим аҳамият касб этувчи “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармонини қабул қилди.
Бу тарихий ҳужжатда “Замонавий билим ва кўникмаларга эга мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш мамлакатни барқарор ва илдам ривожлантиришнинг энг муҳим шарти” эканлиги алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Фармонда – ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизинга бериш; Давлат дастури доирасида олинадиган кредитлар бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар ажратиш; тадбиркорлик лойиҳаларида улар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда иштирок этиш, кейинчалик жамғарма улушини 5 йил давомида реализация қилиш каби ниҳоятда фойдали, ёшларни иқтидорини, истеъдодини юзага чиқаришга мўлжалланган жуда муҳим ҳужжат эканини алоҳида таъкидлаш жоиз.
“Алпомиш”, “Авесто”, “Қобуснома”, “Калида ва Димна” каби асарлар яратилганига бир неча минг йиллардан ошган бўлсада, уларни халқимиз ҳамон севиб ўқийди, меҳр билан ўрганади. Чунки бу асарларда одоб-ахлоқ, урф-одатларимиз, миллий қадриятларимиз ўзининг ёрқин аксини топган. Ёшларни тарбиялаш, ахлоқли қилиш бўйича минглаб бадиий, илмий асарлар, кино филмлар, спектакллар яратилган ва яратилмоқда.
Халқимизда, тарбия эскирмайди, тарбия жинс, миллат танламайди, тарбия кутиб турмайди, деган ҳикматли иборалар бор. Шу ўринда “Тарбия тушунчаси ўзи қачон пайдо бўлган?” Тарбия ўзи нима? деган ўринли саволлар туғилади.
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида тарбия сўзига бир неча изоҳлар берилади. Жумладан, “тарбия” – арабча сўздан олинган бўлиб, болани боқиб ва таълим бериб катта қилиш, вояга етказиш учун қилинадиган меҳнат ва ғамхўрлик; иш-ҳунар, одоб-ахлоқ ўргатишга ва умуман кишининг ғоявий ва маънавий қиёфасини шакллантиришга қаратилган таълим системаси; сиёсий тарбия, мактаб тарбияси, ана шундай таълим системалари натижасида сингдирилган ҳислат, фазилат, одоб-ахлоқ; парвариш, қаров; тарбиялаб катта қилмоқ, вояга етказмоқ, ўстирмоқ, улғайтирмоқ; илм, ҳунар бермоқ, одоб-ахлоқ ўргатмоқ; тарбиялаб бирор ҳислат, фазилатни сингдирмоқ; парвариш қилмоқ каби маъноларни билдиради. Қисқаси, тарбия-жараён, фаолият. Уни кечиктириб, секинлатиб, муддатни чўзиб бўлмайдиган жараён. “Бугун чарчадим, фарзандимни тарбияси билан эртага шуғулланаман”, “Бу йил уй қураман, ўғил уйлантираман, деҳқончилик қиламан, келаси йилдан бошлаб фарзандимни тарбияси билан шуғулланаман”, каби фикрлаётган инсонлар жуда қаттиқ адашади. Тарбиянинг меваси бир йилда эмас, балки, 15-25 йиллардан кейин билинади, Ўз ҳосилини беради.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов: “Маънавий ва ахлоқий покланиш, иймон, инсоф, диёнат, ор-номус, меҳр-оқибат ва шу каби чинакам инсоний фазилатлар ўз ўзидан келмайди, хаммасининг заминида тарбия ётади” деган эди.
Оила – биринчи тарбия маскани. Бола, аввало, оилада тарбияланади, болалар боғчаси, мактаб, коллеж, олий ўқув юртида шу тарбияга шакл берилади. Минг афсуски, орамизда боласининг қандай эҳтиёжлари борлигини билмайдиган ота-оналар ҳам йўқ эмас.
Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган мақол бор. Ота уйга ҳар куни гандираклаб, маст ҳолатда кириб келса, оғзидан ади кириб-бади чиқиб турса, камига, сигарета, нос чекса, бешинчи синфда ўқийдиган ўғли ёки қизини дўконга ароқ, сигарета ёки нос олиб келиш учун юборса. Бу оилада бола қандай инсон бўлиб шаклланадию, қанақа тарбия топади?
Педагогика фанида “Оила тарбияси” деган ибора бор. Оилада ота-она боласига ибрат, намуна бўлиши шарт. Бугун, афсуски, айрим ота-оналар фақат ўзини ўйлашдан нари ўтмайди, худбин бўлиб қолишган. Фарзандлари тақдири, тарбияси билан шуғулланишмайди. Уларни кексайиб қолган онасига, синглисига, қариндошларига ташлаб, савдо-сотиқ билан банд бўлишади, баъзан йиллаб бошқа юртларга ишлашга кетади. Болалар ўз ҳолича ташлаб қўйилади, ота-она ишлаб, пул юбориб туради. Пул болани тарбиялай оладими? Ҳаёт фақат қорин тўйдириб, энг сўнгги модада кийиниб, янги машина миниб юришдан иборат эмаску?
Яқинда, нуроний бир отахондан ҳикоя эшитдим, эшитдиму ёқамни ушладим. Эр-хотин уч боласини яъни икки қизи, бир ўғлини кекса онасига ташлаб, чет элга ишлагани кетибди. Ёши улуғ онахон жўнатилган маблағларга болаларни яъни набираларини қоринларни тўйдириб, кийим бошларини бут қилиш билан банд бўлибди, халос.
Ота-она бой бўлиб, тўрт йил деганда уйига қайтса, фарзандлари гапга кирмайдиган, кўчадан келмайдиган, сигарета чекадиган, спиртли ичимлик ичадиган бўлиб қолишибди. Яна улар мунтазам равишда дарс қолдириб, устоз-ўқитувчиларини менсимай, оқибатда “кўча қизига”, “кўча боласига” айланиб қолишганига гувоҳ бўлишибди. Қизининг бири турмушга чиқмай, 17 ёшида фарзандли бўлган, лекин боланинг отаси кимлиги номаълум. Бундай салбий ҳолат юз бермаслиги ҳам мумкин эди, албатта. Бола тарбиясига эътиборсиз бўлишга ҳеч қайси бир ота-онанинг ҳаққи йўқ.
Муҳтарам Президентимиз ёшларга ниҳоятда катта имтиёзлар яратмоқда. Ҳарбий хизматни аъло даражада ўтаганларга олий ўқув юртларига кириш учун имтиёзли йўлланма дунёнинг бошқа бирор мамлакатида мавжуд эмас. Ёшларга бўлган бундай эътибор фақат Ўзбекистонда бор, холос. Имтиёзли йўлланма олган йигит контракт тўлов асосида ўқишга қабул қилинса, тўлов маблағининг 35 фоизи Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи томонидан тўлаб берилмоқда. Фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ёшлар ўқишга имтиёзли равишда бюджет асосида қабул қилиняпти. “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ғолибларига ҳам олий ўқув юртларига ўқишга тест синовларисиз кириш имконияти берилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганидек, “Буюк келажагимиз бугундан бошланади. Ватанга садоқатли фарзандларимиз қанча кўпайса, Ўзбекистоннинг келажаги шунчалик буюк бўлиши муқаррар”.
Дарҳақиқат, оқ булутдек беғубор қалбли фарзандларимизни дунёқарашини меҳнатсеварлик, билимдонлик, зукколик, бунёдкорлик ғоялари билан бойитишимиз зарур. Уларнинг спорт билан шуғулланишлари, барча фанларни аъло даражада ўзлаштиришлари учун мукаммал шароитлар яратишимиз лозим. Кўзимиз гавҳаридек болаларимизнинг ҳар бир қадами доимий назоратимиз остида бўлмоғи, орзу истаклари, ўй-фикрлари билан қизиқишимиз, ўртоқлари кимлар эканини, бўш вақтларида нималар билан машғуллигини билишимиз шарт. Ота-оналик масъулиятини унутишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ
Равшанбек Маҳмудов
Гулистон давлат университети ёшлар билан
ишлаш бўйича проректор, фалсафа фанлари номзоди,
доцент