«СОЛИҚ-СЕРВИС» ДУК – СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАРГА ХИЗМАТ КЎРСАТАДИ
Туб ислоҳотлар шиддати юртимиз солиқ сиёсатининг ҳам янгича шаклга эга бўлишига замин яратмоқда. Солиқ ислоҳотларининг энг муҳим йўналишлари сифатида солиқ органи солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатида фаолиятни ташкил этиш, яъни, янги имиджни яратиш орқали хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айлантирилиб, “Солиқ хизмати — инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” тамойилининг жорий қилиниши жуда катта аҳамиятга эгадир.
Айни вақтда қабул қилинган ҳужжатларга кўра солиқларнинг соддалаштирилиши, тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай ишбилармонлик муҳити шаклланганлиги уларни мамнун қилиши, шубҳасиз. Лекин бозор муносабатлари санъат даражасига кўтарилган бугунги кунда солиқ маслаҳатчисига ҳаётий эҳтиёж сезилади.
Солиқ тўловчиларга амалий ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг «Республика ахборот-маслаҳат маркази» ва «Солиқ декларацияларини қайта ишлаш маркази» давлат унитар корхоналари негизида «Солиқ-сервис» давлат унитар корхонаси ташкил этилди.
«Солиқ-сервис» ДУК солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларни бажаришда техник жиҳатдан кўмаклашади. Бундан ташқари ҳисоботлар ва декларацияларни қабул қилиш бўйича солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш юзасидан давлат солиқ хизмати органларига амалий ёрдам беради, давлат солиқ хизмати органларининг автоматлаштирилган ахборот тизими техник, дастурий ва ахборот таъминотини бошқаради, давлат солиқ хизмати органлари фаолияти натижасида юзага келадиган ҳужжатларни қоғоз ва электрон шаклда марказлашган ҳолда архивда сақлайди. Бундан ташқари, ушбу тузилма «Call-марказ» махсус сервиси орқали аҳолига ахборот тақдим этиш хизматини кўрсатади.
Шунингдек, мазкур корхона солиқ тўловчиларни электрон ҳисобварақ-фактураларни юритиш қоидалари бўйича ўқитиш, уларга солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини етказиш, ахборотни ҳимоя қилиш давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг билим ва малакасини ошириш юзасидан иш олиб боради.
Мухтасар айтганда, янги ташкил этиладиган марказ солиқ тўловчиларга янада қулайлик яратиши ҳамда солиқ органи солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатида фаолиятни ташкил этишида муҳим аҳамият касб этади.
<b><center>Н.Мавлонов,Вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.</b></center>