Click to listen highlighted text!

КАСАБА УЮШМАЛАРИДА МУСТАҚИЛЛИК БАЙРАМИ ТАДБИРЛАРИ

              Мустақиллик байрамининг бу йилги байрам шодиёналари “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилади.
Касаба уюшма тасарруфидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда ҳам бу байрамига катта тайёргарликлар кўрилиб, кенг тарғибот ишлари, маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилмоқда.
Бугун 1 август куни “Ховосдон маҳсулотлари” ҳиссадорлик жамияти фаоллар залида ўтказилган маънавият соати ана шу тадбирга бағишланди. Тадбир вилоят Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ташкил этилиб, унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ҳаётхон Ортиқбоева, шоира Норинисо Қосимова, шоир Аваз Содиқов ва агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Ховос туман Кенгаши раиси Я.Турдибоев иштирок этдилар.
Тадбирни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Х.Аминов бошқариб борди. Дастлаб иштирокчиларга касаба уюшма тизимидаги байрамга тайёргарликлар, байрам муносабати билан бериладиган дам олиш кунларида ташкиллаштириладиган ички туризм тадбирлари ҳақида маълумотлар берилди. Сўнгра Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ҳаётхон Ортиқбоева Мустақиллик йилларида халқимизнинг ўзликни таниши, дастлабки қийинчиликлар ва эришилган ютуқлар ҳақида маъруза қилди.
Тадбирда иштирок этаётган ишчи-ходимлар ташриф буюрган меҳмонлар чиқишларини мамнуният билан кутиб олдилар. Айниқса, Истиқлол ҳақидаги фикр-мулоҳазалар, Биринчи Президентимиз ва унинг жасорати туфайли мустақиллигимизни асраб қолингани ҳақидаги фикрлар, ватанпарварлик туйғусига йўғрилган шеърлар олқишларга кўмилиб кетди.
– Мустақиллик байрами арафасида ўтказиладиган тадбирлар, ишга тушадиган янги объектлар, ижтимоий ва спорт иншоотларининг ишга туширилиши, умуман, барча амалга оширилаётган эзгу ишлар замирида Президентимиз Ш.Мирзиёев таъбири билан айтганда, “инсонни рози қилиш, халқни рози қилиш” деган мазмун-моҳият ётибди, – деди ўз сўзида Ҳ.Ортиқбоева.
Шунингдек, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси байрам арафасида корхонада ташкил этилиши режалаштирилган тадбирлар ҳақида сўзлаб берди.
Тадбир сўнгида Яхшибой Турдибоев меҳнат жамоаси номидан маърузачиларга миннатдорчилик билдирди.

<b><center>ВКУТБ маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими</b></center>

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!