Click to listen highlighted text!

АЁЛ ГЎЗАЛЛИК ҲАМДА НАФОСАТ ИФОДАСИДИР

        Хотин-қизлар байрамининг йилнинг энг суюк фасли – баҳорнинг илк кунларида нишонланишида ҳам ажиб бир рамзий маъно борга ўхшайди. Зеро, баҳор ҳам, аёл ҳам гўзаллик, нафосат ифодасидир. 

Шу кунларда бутун мамлакатимиз бўйлаб 8 март – Хотин-қизлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда.

Гулистон шаҳридаги муҳташам “Наврўз” ресторанида  ўтган байрам тадбирига  вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан турли соҳаларда меҳнат қилаётган илғор аёллар таклиф этилди. Бу йилги байрам тадбирининг бошқа йиллардан ўзгачалиги – тадбирга 1000 ойни кўрганлар, 80-85 ёшли нуроний онахонлардан 110 нафари ҳамда Зулфияхоним номидаги Давлат мукофоти учун беллашиб, Республика босқичида иштирок этган 25 нафар қизларнинг ҳаммаси  таклиф этилди. Онахонларимиз ўзларининг дуолари билан, қизлар кўркам, миллийлик нафаси уфуриб турган либослари билан  даврага файз бағишладилар.
Вилоят ҳокими Ғофиржон Мирзаев  тадбирда иштирок этиб, мамлакатимиз хотин-қизларини ушбу айём билан табриклади. Вилоятимиз раҳбари адабиёт  соҳасига дадил кириб келган,  эришган алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган  Боёвут туманилик Нозимабону Шербековага Президент совғасини  тантанали равишда топширди.

   – Бу мукофотни мен мени тарбия қилган устозларим, онажоним ва бувижонимнинг меҳнатларига берилган, деб биламан, – дейди Нозимабону. – Агар улар менда китоб ўқишга, шеър ёзишга бўлган рағбатни сезиб, қўллаб-қувватламаганларида бундай муваффақиятга эриша олмаган бўлар эдим.

    Тадбирда қатнашган онахонлар, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, хотин-қизлар ташкилотлари, турли ташкилот  ва муассасалар вакилалари  тўкин дастурхон атрофида суҳбат қурдилар.

     – Давлатимиз томонидан  халқимиз саломатлиги, маҳаллалар осойишталигига катта эътибор қаратилмоқда, – дейди  Гулистон туманидаги «Юлдуз» маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Тожихон Қодирова. – Давлатимиз раҳбарининг «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони зиммамизга янада масъулиятли вазифалар юклади. Шу мақсадда таълим, тиббиёт, ижтимоий муҳофаза ва банк соҳаси вакиллари, тадбиркорлардан иборат ишчи гуруҳ тузиб, Президентимиз таъкидлаганидек, уйма-уй юриб, одамларнинг муаммо ва талабларини ўрганмоқдамиз, масалаларни жойида ҳал қилмоқдамиз. Бундай мулоқот халқимизнинг кайфиятини кўтармоқда, ҳаётга муносабатини ўзгартирмоқда.

        Тадбирда сирдарёлик хассос шоир Муҳаммад Исмоил  аёлларга бағишланган шеърларидан  ўқиди. Байрам иштирокчилари асли сирдарёлик, ҳозирда пойтахтда ижод қилаётган таниқли хонандалар Эркин Худойқулов, Толибжон Исроилов ва Умида Ҳамидоваларнинг аёлга, баҳорга аталган шўх-шаън қўшиқларини тингладилар, рақсларга тушдилар. Олим Хўжаев номидаги вилоят мусиқали драма театрининг “Хушчақчақ” гуруҳи томошаларини мириқиб томоша қилдилар. Айниқса, “Имкон Шоу” дастури бошловчиси Аҳрор Қўшматов гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди. Тадбирнинг ўзида “Байрам Шоу” ўтказишга киришиб кетган Аҳрор саҳнага отилиб чиққан сирдарёлик аёлларнинг қўшиқ айтиш қобилиятларини юқори баҳолади.

      – Бу йил баҳорнинг илк байрами – 8 мартни ўзгача бир интиқлик билан кутдик, – дейди вилоят ўрта-махсус касб-ҳунар таълими  бошқармаси бош мутахассиси Олия Турдиева. – Байрам олди ишлари ҳам катта тайёргарликлар билан олиб борилди. Ўқув муассасаларимизнинг ҳар бирида чиройли байрам дастурлари тузилиб, меҳнат жамоалари ва ота-оналар иштирокида ўтказилди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хотин -қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини кучайтириш, хотин-қизлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчи қизларининг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, оила асосларини янада мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланган. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида ҳам хотин-қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

    – Президентимиз хотин-қизларга юксак ишонч билдириб, уларнинг жамият ҳаётидаги фаолликларини рағбатлантирмоқда, – дейди  Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Ҳаётхон Ортиқбоева. – Биз, барча нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоат бирлашмалари ҳам вилоят ҳокимлиги ҳамда хотин-қизлар қўмитаси атрофида жипслашиб,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-4947-сонли Фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг ҳар бир йўналишида белгиланган вазифаларнинг ижросини амалга оширишга ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз зарур.

 

Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!