Click to listen highlighted text!

ОИЛАВИЙ МУСОБАҚА

        Гулистон  шаҳар Алпомиш спорт мажмуасида “Биз ақл- идрокли оилалармиз” спорт мусобақаси вилоят босқичи бўлиб ўтди. “Маҳалла” фонди вилоят бўлими бошқаруви ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган турнирнинг бош мақсади оилалар ўртасида спорт мусобақалари ташкил этиш орқали ўсиб келаётган авлоднинг мантиқий тафаккур даражасини ўстириш, оилалар бирдамлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этишдир.

        -“Биз ақл- идрокли оилалармиз” спорт мусобақалари барча маҳаллаларда ташкил этилиб, улар орасидан юқори ўринларни эгаллаган шашка ва шахмат спорт турларига меҳр қўйган оилалар иштирок этмоқда, -дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бошқармаси раиси Икром Норбеков.- Эътиборлиси, ҳар бир оиладан 6 нафар оила аъзолари, яъни бува, буви, ота, она, ўғил ва қизлар жалб қилинди.

        -Ўзим ёшлигимда ота- онам шахмат- шашка ўйнашса, олдиларига бориб кузатиб турардим. Шу боис, менда болалигимдан бу спорт турларига қизиқиш уйғонган. Бугун  фарзандларим ҳам бизнинг ортимиздан бориб зўр қизиқиш билан ўрганишмоқда –дейди мусобақа қатнашчиси Қодир Жумуқов.

         Қизиқарли баҳсларда Боёвут тумани Тинчлик маҳалласида истиқомат қилувчи Жумуқовлар оиласи 1 ўринга, Гулистон шаҳар Баҳор маҳалласи вакиллари Бегмановлар оиласи 2 ўринга, Сирдарё туман Элобод маҳалласининг Эргашевлар оиласи 3 ўринга муносиб топилдилар. Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

       Тадбирда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси вакиллари ҳам қатнашиб, иштирокчиларга эсдалик совғалари тақдим қилдилар.

        Ушбу спорт мусобақаси оилаларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтиришда, ота-оналар, ўсмир ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишда кўмакчи бўлиши билан аҳамиятга эга.

Озода Мамадалиева,

“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!