ИНТИЛГАНГА ТОЛЕЪ ЁР

     Ойсафар Бўрибоева  мактабда ўқиб юрган  кезларидаёқ тўн, халатлар,  бир биридан чиройли қуроқлар  тикиш, шолча, бароқлар тўқишни қишлоқдаги момолардан қунт  билан  ўрганди ва  қизгина Зомин туманидаги Бирлашган қишлоғининг  қўли гул чевари сифатида танилди.

    Одобли, қўлида гулдек касби  бор қизга уйланишни орзу қилган ошиқлар ҳам кўп  эди. Тақдири Мирзачўлга   боғланган экан , Боёвутга одамлар ҳавас қиладиган оилага келин бўлиб тушди. У бу ерда ҳам тўн, халату костюм -юбкалар тикиб   кўпчиликнинг эътиборини қозонди. Айниқса у тиккан келин -куёв тўнларининг бичими ихчам, қоматларга ярашиқлилигини айтмайсизми.  Чевар  тиккан тўнни кийган  куёв ўзини Отабекдек, келин эса Кумушбибидек  ҳис этади. Довруғи Боёвутга ёйилган чеварнинг тўнлари аввал  Боёвут шаҳарчаси,  Янгиер шаҳар бозорларида харидоргир   бўлса кейинчалик у тиккан  тўнлар  Гулистон, Бахт  бозорларида мижозларини  топа олди.Игна билан қудуқ қазигандек эртадан кечгача кўз нурини  матога,  қавиб, жило бераётган тўнларга тикиб ўтириш чевардан метин ирода,  сабр- бардошни  талаб этади. У шу касбни севиб, шунинг  ортидан  ризқ топаётганлиги  учун ҳам тўнни авайлаб, меҳрини бериб тикиб, қатларини моҳирона  қовийди.Ўзига ёқмаса қатларни сўтиб ташлаб, яна қайтадан шу қаторнинг ўзида ишини давом  эттиради.Уч -тўрт қатор қавиб олгач, чаклари  қийшайиб кетмадимикин деб яна бир сидра назар  ташлаб қўяди.

   Маҳсулотларига мижозлардан кўплаб  буюртма туша бошлагач  тўрт- беш нафар ёш қизни ёнига  олиб  уйида тикувчилик цехи  фаолиятини йўлга  қўйди. Мамлакатимизда  тадбиркорларга яратилаётган имконият  ва берилаётган  қулай  имтиёзлар кейинчалик  Ойсафар  Бўрибоеванинг дилида тугиб юрган орзула рига ҳам кенг йўл  очиб берди. У  “ 2- Боёвут” СИУнинг собиқ маъмурий бино сини сотиб  олиб бу ерда    “ Шаҳзодбек -Алишер  ҳамкор” хусусий корхонаси ташкил қилди.   “ Микрокредитбанк”нинг Боёут филиалидан олинган имтиёзли сармоя ҳисобига 10 та замонавий  тикув  машинаси сотиб  олди. 10 нафар коллежнинг битирувчисини  ишга олиб тикувчилик йўналишида хизмат  кўрсатадиган  маиший хизмат  уйига асос солди.

    Мана, қарийб  10 йилдирки, цехда тикилаётган келин либослари, бежирим костюм  -юбкалар, болалар кийим -кечаклари қўрғондаги ёшу қарига   манзур бўлиб келаяпти. Авваллари оддий  халат, костюм- юбка тиктириш учун   Гулистон  шаҳрига қатнаган мижозлар эндиликда  шу ернинг ўзида Ойсафар Бўрибоевага буюртма бераяпти.  О. Бўрибоева бу ишлар  билан чегараланиб  қолмай цехда кўрпа- ёстиқ ва адёллар учун қоплама( простина) тикиш ни  ҳам йўлга қўйди. Бу ерда тикилаётган қопламалар арзон, сифатли ва  бежи римлилиги боис харидорларга жуда  маъқул келаяпти. Натижада корхонага вилоятдаги касалхоналар, Жиззах вилоятидаги санаторийлардан ҳам янги- янги  буюртмалар тушаяпти.

 –Мамлакатимизда аёллар  тадбиркорлигига кенг йўл  очиб берилаётганлигидан  фойдаланиб  корхонамизда янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ҳам бир қатор  лойиҳани амалга оширдик,- дейди тадбиркор Ойсафар  Бўрибоева.- Хитойдан бир марта ишлатиладиган плёнка сумка ишлаб  чиқариш цехини  келтириб  ўрнатдик. Ҳозир плёнка сумкаларни Гулистон, Янгиер ва Боёвут бозорларидаги харидорларга етказиб  бераяпмиз. Сумкалар  учун хомашёни эса Қашқадарё вилоятидаги ҳамкорларимиздан оляпмиз. Ҳозир янги цехимизда   6 нафар  йигит меҳнат қилаяпти.

    Излаган имкон, изланмаган баҳона топади, дейдилар. Астойдил изланиб, ҳаракат қилган Ойсафар Бўрибоева ҳаётда ўзи орзу қилган ниятига эришиб, ишбилармон  тадбиркор  сифатида танилди. Муҳими,  у  эл-юртга нафи тегаётгани, ўнлаб ёшларга янги иш ўринлари яратиб  бераётганидан хурсанд.

                                  Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email