Click to listen highlighted text!

БОЁВУТДА АЁЛЛАР ИЖТИМОИЙ МОСЛАШУВ МАСЛАҲАТ МАРКАЗИ ИШ БОШЛАДИ

       Боёвут туманидаги “Ифтихор” МФЙда яшовчи И.Н нинг оиласида жанжал чиқиб 1 нафар фарзанди билан уйдан чиқиб кетишга мажбур бўлди. 7 йиллик турмуш, ўртадаги бола ҳам “ўгай она”лик айбини юва олмади.
И.Н ота уйига бориб вазият баттар чигаллашишидан хавотир олди. Ана шунда туман хотин-қизлар қўмитаси қошида очилган “Аёллар ижтимоий мослашув маслаҳат марказ”ини эсга олиб, у ерга умид билан мурожаат қилади. Қўмита раиси Саодат Мирзаева, маҳалла аёллар билан ишлаш комиссияси вакили Рўзижон Маҳмудовалар аҳвол билан танишиб, унинг марказга жойлашишга кўмаклашдилар. Турмуш ўртоғи, оила аъзолари билан гаплашиб оиласини сақлаб қолишга кўмаклашишларига ишонтирди. Айниқса, психолог Жамила Холиқулова билан суҳбатдан сўнг кўнглидаги алам, қўрқув ва сабрсизлик аригандек бўлди. Шундан сўнг фарзандини тинчлантириб, унга эътибор берди. Уст-бошини тузатиб егулик тайёрлади.
Боёвут туманида май ойида “Аёллар ижтимоий мослашув маслаҳат марказ”и иш бошлаб, оғир ижтимоий ҳолатга тушиб қолган аёлларга энг биринчи ёрдам бериб келмоқда. Марказ кун-у тун фаолият юритиб, катта ҳаётий тажрибага эга онахонлар, психолог, тиббиёт ходимлари, ҳуқуқшунослардан иборат жамоа, мурожаат этган аёл руҳиятига ижобий таъсир ўтказиш, уни тушкунлик ҳолатидан чиқариб ҳаётга, муаммога ақл билан ёндошишга, уни биргаликда ҳал этишга ҳаракат қилмоқда.
Таъкидлаш керакки, Марказга келган аёллар ўзларини хотиржам, жамиятдан узилмаган ҳолда, муносиб шароитда ҳис қилиб, у ерда яшаши учун зарур бўлган ҳамма нарсалар муҳайё қилинган. Ётоқхона, ошхона ва дам олиш хоналари керакли жиҳозлар билан таъминланган. Шунингдек, ошхонада доимий егулик бўлиши алоҳида назорат қилиниб келинмоқда.
— Аввало, оила тотувлигига дарз солувчи жанжаллар ҳеч бир хонадонда юз бермасин. Лекин инсон ўз-ўзини тушунмай қолиши бор гап бўлганидек, кўп аъзолардан иборат оила қўрғонида доимий тушунмовчиликлар учраб туради. Бу вазиятларда одатда аёллар жабр кўриб кўчада қолишади. Бу нарса турли жиноят ва кўнгилсизликларга сабаб бўлиши мумкин, — дейди туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Саодат Мирзаева. – Марказ фаолияти орқали аёлларимизга кўмаклашишга ҳаракат қиляпмиз. Марказ фаолият бошлаганига кўп бўлмади. Келажакда фаолиятимизни давом эттириб янада ривожлантиришни, бу ерда фарзандлар учун ўйинчоқлар, аёллар бўш қолмасликлари, ўзларига ишончи ортиши учун турли машғулотлар ташкил этишни режалаштиряпмиз.
Дарвоқе, марказнинг илк меҳмони бўлган И.Н яхшилар кўмагида оиласини тиклаб, фарзандларига оналик қиладиган бўлди.
Шу кунгача марказга 27 та турли мазмундаги мурожаатлар келиб тушган бўлиб, 19 таси ижобий ҳал этилди ва 8 тасига тушунтиришлар берилди. Туманда хотин-қизлар мурожаатларини ижобий ҳал этиш мақсадида бир қатор самарали ишлар ташкил этилди. Жумладан, 275 нафар имтиёзли кредит олувчи аёллар рўйхатлари шакллантирилди ва тез фурсатда олишларига кўмаклашилди. Уларнинг 61 нафарига қорамол боқиш учун, 33 нафарига тикувчилик йўналишида, 70 нафарига паррандачиликка, 55 нафар аёллар асаларичиликни ривожлантириш, 1 нафар аёлга гўзаллик салони очиш ва 17 нафар хотин-қизларга иссиқхоналар ташкил қилиш учун имтиёзли кредит олишига кўмаклашилди.
Шунингдек, 12 нафар ногирон, меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган аёлларга бир қатор корхоналар: Боёвут “Пахтасаноат”, “Ховосдонмаҳсулот”АЖ, Ховос темир йўл депоси томонидан тикув машиналари берилиб, касаначи тикувчи сифатида ишга қабул қилиндилар ва уларга меҳнат дафтарчалари очилди.
Шу кунларда туман аёлларининг оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган 22 нафарини уй-жой билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ана шундай аёлларнинг бири “Муқимий” маҳалласида яшовчи, 1978 йилда туғилган Дилафрўз Холбековадир. У 1 –гуруҳ ногирони, оилали, 2 нафар фарзандлари бор. Бироқ ишламаслик, доимий даволаниш оқибатида турмуш ўртоғи билан яшаш шароитларини ҳеч ўнглай олмасди. Шундай кунларда туман хотин-қизлар қўмитаси хонадонни тикув машинаси билан йўқлаб келди. Оила билан танишиб, уларнинг уй-жойга муҳтожлиги аниқланди. Яқинда Дилафрўзга туманнинг “Қаропчи” массивида арзон уй-жойлар қуриш бошлангани, дастлабки 25 фоиз тўлови Республика хотин-қизлар фондидан тўлаб берилган намунавий типдаги ҳовли уй берилиши хабари айтилди.
Туманда бу каби оилаларга яна 9 та ҳовли, 14 та кўп қаватли хонадонлар топширилиши режалаштирилган.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!