КАСАБА УЮШМАЛАРИДА МУСТАҚИЛЛИК БАЙРАМИ ТАДБИРЛАРИ
“Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” Мустақиллик байрамининг бу йилги байрам шодиёналари ана шундай шиор билан ўтказилмоқда.
“Сирдарё ҳудудий электртармоқлари” А/Ж корхонаси ҳам бошланғич касаба уюшма қўмитаси билан биргаликда бу байрамга катта тайёргарликлар кўриб, меҳнат жамоасида кенг тарғибот ишлари, маърифий ва спорт тадбирларини ўтказиб келмоқда.
Бугун 27 август куни корхона фаоллар залида ўтказилган маънавият соати ана шу тадбирга бағишланди. Тадбирда сўз олган касаба уюшма қўмитаси раиси Ш.Мирзабеков дастлаб иштирокчиларга тизимда байрамга тайёргарликлар, байрам муносабати билан бериладиган дам олиш кунларида ташкиллаштириладиган ички туризм тадбирлари ҳақида маълумотлар берди. Сўнгра Гулистон Давлат Университети бўлим мудири Ш.Абдурасулов Мустақиллик йилларида халқимизнинг ўзликни таниши, дастлабки қийинчиликлар ва эришилган ютуқлар ҳамда 27 йиллик байрам арафасида мамлакатимиздаги, хусусан вилоятимиздаги иқтисодий-ижтимоий ўзгаришлар, янги қурилишлар ҳақида гапириб, барча амалга оширилаётган эзгу ишлар замирида Президентимиз Ш.Мирзиёев таъбири билан айтганда, “инсонни рози қилиш, халқни рози қилиш” деган мазмун-моҳият ётибди, – деди.
Шундан сўнг, тадбирда иштирок этган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлим мудири Ш.Умаралиеванинг Ўзбекистонда 2018 йилда нишонланадиган байрамлар саналари, дам олиш кунларида ишчи-ходимларнинг тарихий шаҳарлар бўйлаб оилавий ва жамоавий саёҳатлари орқали ички туризмга ҳисса қўшиш, шунингдек, меҳнат қонунчилиги, меҳнат муносабатлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари эшитилди.
Тадбирда «Ishonch va ishonch doveria» газетасининг вилоятдаги мухбири Озода Мамадалиева ҳам қатнашди.
Тадбир сўнгида корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Ш.Мирзабеков меҳнат жамоаси номидан маърузачиларга миннатдорчилик билдирди.
ВКУТБ маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими