ХОДИМ ИШИГА ҚАЙТДИ
Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашига жорий йилнинг 10 ойи давомида жами 152 та мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг 61 таси ёзма, 37 таси оғзаки ва 13 та электрон кўринишида бўлиб, барчаси ўз вақтида кўриб чиқилган. Шунингдек, ишонч телефонлари орқали 41 марта мурожаатлар ёзиб олинган.
Мурожаатларнинг 134 тасини ариза ва 18 таси шикоят мазмунидадир. Уларнинг 110 тасига тушунтириш берилиб, 37 та мурожаат мазмуни қаноатлантирилган.
Шу йилнинг бугунги кунига қадар касаба уюшмалари аралашуви билан 55 нафар шахсларнинг ҳуқуқлари тикланишига эришилди.
Жумладан, юридик бўлимимизга меҳнат муносабатлари бузилиши ҳақида Маҳлиё Зоирова оғзаки шикоят билан мурожаат қилди. Фуқаро Гулистон тумани Зарбдор маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. Шикоят мазмунида иш берувчи уни ноқонуний ишдан бўшатганлиги ва ишга тикланишда амалий ёрдам сўраб келган.
М.Зоирова вилоят суд тиббий экспертиза бюроси амбулатория морфология бўлими ҳамшираси бўлиб ишлаган. Шу йилнинг 30 июл куни иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. Бироқ ходим билан тузилган меҳнат шартномасини ўз ташаббуси билан бекор қилиши учун Меҳнат Кодексининг 101-моддаси 2-3 қисмлари талабига кўра бюро бошланғич касаба уюшмаси қўмитасига тақдимнома киритилмаган. Ўз-ўзидан касаба уюшмаси қўмитаси томонидан меҳнат шартномаси бекор қилинишига розилик ёхуд қаршилик билдирилмаган.
Шунингдек Меҳнат Кодексининг 102-моддаси 4-қисми талабига кўра ходим уч кун олдин огоҳлантирилмаган ёки ушбу муддат пуллик компенсация билан алмаштирилмаган.
Буйруғини расмийлаштиришда Меҳнат Кодексининг 107-моддаси талабига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари тўлиқ кўрсатилмаган. Буйруқнинг “асос” қисмига “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 100-моддаси, 4-банди, 1-қисми” сифатида нотўғри ёзилганлиги маълум бўлди.
Шунга кўра, меҳнат шартномасини бекор қилиш хақидаги буйруқни қабул қилиш ва расмийлаштиришда Меҳнат Кодексининг 100-102, 107-моддалари талаби бузилганлиги ойдинлашди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси номидан иш берувчига ходимни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруғини бекор қилиниши ва ходим ўз ишини давом эттиришини сўраб тақдимнома киритилди. Шунингдек, ходимнинг мажбурий прогул вақтлари учун пуллик компенсация тўланишини ҳамда унинг меҳнат дафтарчасига тегишли ўзгартиришлар киритилиши сўралди.
Бироқ тақдимнома ижроси таъминланмасдан қолгач, жабрланувчи фуқаро меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги 30.07.2018 йилдаги №100-К сонли буйруғини ҳақиқий эмас деб топилиши ҳамда етказилган маънавий зарарларни ундиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича туман судига мурожаат қилди. Жорий йил 3 октябрда суд қарорига кўра ҳамшира лавозимига тикланди. Ойлик маошлари қонун бўйича ҳисоб-китоб қилинди.
ВКУТБ Юридик бўлими етакчи юрисконсулти Санжар ТОҒАЕВ