Click to listen highlighted text!

ХАВФСИЗ ИШ ЎРИНЛАРИ. БУ ИШДА УЗИЛИШЛАР БЎЛМАЙДИ ДЕГАНИДИР

Маълумки, касаба уюшмаси ишовчи ходимлар иш ўрни билан доимий танишиб келган. Айтиш мумкинки, улар учун муҳофазаланган шароит яратишга доимий кўмаклашиб келаётир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг “Йирик савдо-саноат ташкилотларида, қишлоқ хўжалиги тизимига кирувчи корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилишда ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги меҳнат муносабатларини ўрганиш тўғрисида”ги топшириғи асосида ҳам ана шу вазифа қўйилган эди.
Мазкур қарор асосида Сирдарё вилоятининг “Оқолтиндонмаҳсулотлари” АЖда меҳнат муносабатларини ўрганиш ишлари олиб борилди.
“Оқолтиндонмаҳсулотлари” АЖнинг асосий иш фаолияти дон маҳсулотларини қабул қилиш ва қайта ишлашдан иборат.
Жамиятда айни пайтда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар сони 383 тани ташкил этади. Уларнинг 33 нафари аёллар, 3 нафари ногиронлар ҳисобланади.
Шунингдек, ноқулай меҳнат шароитида 110 нафар ишловчи меҳнат билан банд.
Акциядорлик жамиятида меҳнат муносабатларини тартибга келтирувчи асосий ҳужжат, жамоа шартномаси 2016-2018 йиллар учун ишлаб чиқилган. Жамоа шартномасида томонларнинг мажбуриятлари, бандлик кафолатлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти ва дам олиш вақти, меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнат интизоми тўғрисидаги бўлимлар ҳамда меҳнатни муҳофазалашга оид ишлаб чиқилган илова киритилган.
Иш берувчи билан Сайхунобод туман тиббиёт бирлашмаси ўртасида шартнома имзоланган бўлиб, шу асосда 277 нафар ходимлар тиббий кўрикдан ўтказилган.
Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўйича жорий йилнинг март ойида “TECH SYSTEM STAR” таълим муассасаси томонидан 10 нафар раҳбар ва мутахассислар ўқитилиб, билимлари оширилган.
Жамиятда ташкил этилган доимий ҳаракатдаги комиссия томонидан меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўйича 213 нафар ходимларнинг билимлари синовдан ўтказилган.
Жамиятда меҳнат муҳофазаси бўйича 7 нафар вакиллар меҳнат муҳофазаси бўйича жамоатчилик назоратини олиб боришмоқда.
Шунингдек, ҳар ойнинг биринчи ва охирги жума кунлари “Меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги куни” деб белгиланган.
Ўз навбатида жамият томонидан шу йилнинг ўтган вақти давомида 185 нафар ишчи-ходимлар 455 дона махсус кийим-бош билан таъминланган. Ноқулай меҳнат шароитларида ишловчи 173 нафар ходим сут маҳсулотлари билан таъминланиб келмоқда.

20 та иш ўринлари Давлат экспертиза хулосасига асосан аттестациядан ўтказилган бўлиб, амал қилиш муддати 2021 йил 19 январга қадар белгиланган.
Жамиятда Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Қонуннинг 12-моддаси бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилган ва мутахассис лавозим бирлиги жорий этилган, мутахассис учун алоҳида хона ажратилган.
Иш берувчи томонидан “Ходимларнинг фуқаровий жавобгарлигини мажбурий суғурталаш шартномаси” тузилган.
“Оқолтиндонмаҳсулотлари” АЖда меҳнат муҳофазасига оид олиб борилган ишлар билан биргаликда камчиликларга йўл қўйилаётганлиги ҳам аниқланди.
Жумладан, ишчи-ходимларнинг техника хавфсизлиги қоидалари бўйича техник амалиёт ўташлари учун махсус ўқув хоналари бор бўлсада, етарли даражада жиҳозланмаган. “Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий Низом” талабларига биноан меҳнат муҳофазаси бўйича ўрнатилган қоида ва меъёрларга риоя этилиши устидан маъмурий жамоатчилик уч босқичли назоратни шакллантириш ишлари амалга оширилмаган.
Мансабдор шахслар ва бошқа ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш юзасидан лавозим йўриқномалари ишлаб чиқилмаган ва иш жойларида меҳнатни муҳофаза қилишни тарғибот ва ташвиқот қилувчи бурчакларнинг кўргазмали плакатлар, йўриқномалар ва бошқа адабиётлар билан жиҳозланиши етарли даражада ташкил этилмаган.
Жамиятда 14 та ишлаб чиқариш цехи ва лабораториялар мавжуд бўлиб, механика ҳамда электр цехларида ишчи ходимларга меҳнат шароитлари яхши ташкил этилмаган. Яъни ишчи-ходимлар учун кийиниш хоналари ва ювиниш учун шароитлар санитария-гигиена талабларига тўла мос келмайди. Цехларда ишчи-ходимлар учун иссиқлик тизими яратилмаган. Куз-қиш мавсумида ходимлар хавф туғдирувчи қўлбола, ясама иситгичлардан фойдаланишади. Кузатишларда айрим электр узатгич қутилари очиқ ҳолатда эканлиги аниқланди.
Ўрганиш якуни бўйича жамият масъул ходимларига қайд этилган хато-камчиликларни белгиланган муддатларда бартараф этилиши бўйича тақдимнома киритилди ва амалий ёрдам кўрсатилди.

Б.ИСМАТОВ, ВКУТБ Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!