Click to listen highlighted text!

ТАШАББУС ХОДИМЛАРДАН ЧИҚСА

87 нафар аъзоларига эга бошланғич ташкилотда Хатамали Мирзаевнинг касабақўм бўлиб ишлаётганига яқинда 5 йил бўлади. Шунча йиллар давомида маъмурият, ходимлар билан доимо маслаҳатлашиб биргаликда фаолиятни олиб бормоқда.
Банк иши одатда халқ билан, мижозлар билан кечади. Бу ишга масъулиятни янада оширади. Доимо диққатни жамлаб, очиқ чеҳра билан мижозларни қабул қилиш муҳим ҳисобланади. Бунинг учун албатта, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитлари таъминланган бўлиши лозим. Жорий йилда вилоят “Халқ банк”и янги бинода иш бошлаши билан иш шароитлари яхшиланиб, хизмат кўрсатишда кўпгина қулайликлар яратилди.
Яхши дам меҳнатга ҳамдам эканлигини доимо ёдида тутган ҳолда бошланғич касаба уюшмаси йил бошидан буён барча ходимларнинг маданий дам олишлари, туристик саёҳатларга чиқишларини таъминлади. Қадимий Бухоро, Самарқанд шаҳарларига, Тошкент вилоятининг сўлим тоғ бағирларига уюштирилган маданий тадбирлар давомида олинган гўзал таассуротлар жамоа ёдида бир умрга мухрланди.
– Ходимларимиз касаба уюшмаси тизимидаги ҳар бир янгиликни доимий кузатиб боришади. Ўтказилиши бошланган ҳар бир кўрик-танловларда иштирок этиш ташаббуси, аввало, аъзоларимизнинг ўзларидан чиқади, -дейди “Халқ банки” Сирдарё вилоят филиали бошланғич ташкилот касаба уюшмаси раиси Х.Мирзаев. – Вилоят миқиёсида ўтказилган “Соғлом оила” спорт тадбирида бош ҳисобчимиз Шухрат Қўзиев оилавий иштирок этиб муносиб тақдирланди. 2 нафар ходимларимиз “Ёш мутахассис” кўрик-танловида ўз ғоялари билан вилоят босқичида ғолиб бўлишди. Бундай фаол ва ташаббускор аъзолар билан ишлаш, очиғи мароқли бўлади.
Бошланғич ташкилот ҳар бир ходим ижтимоий аҳволини яхши ўрганган. Вилоятнинг чекка Ховос туманидан қатнаб ишловчи, яқинда олийгоҳни тамомлаган ёш ходимини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир марталик моддий рағбатлантиришни амалга оширди. Қолаверса, ходимлар, уларнинг фарзандларини соғломлаштириш учун йўлланмалар мунтазам бериб борилаётир.
Албатта, буларнинг барчаси жамоа фаоллиги, ташаббускорлиги, қолаверса, фидоий касабақўми меҳнати эвазига эришилмоқда.

 

Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!