Click to listen highlighted text!

ИНТИЛИШ ВА ИШТИЁҚ БИЛАН

 Мирзаобод туманидаги 33-умумтаълим мактаби бошланғич касаба уюшмаси раиси Феруза Юнусова билан фаоллар тадбирларида учрашиб, улар ҳақида нимадир ёзишни ният қилиб қўйган эдим…
Яқинда Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Мирзаобод туман Кенгаши раиси Баходиржон Ахроров фидоий ва меҳнатни улуғлайдиган жонкуяр етакчилар ҳақида мақола ёзиш истагимни эшитибоқ, Феруза опани албатта ёзишим кераклигини айтдилар.
Айтиш мумкинки, 33-умумтаълим мактаби мўжазгина. Маскан ўз бағрида 29 нафар ходимлар ва 245 нафар ўқувчиларни бир мақсад йўлида бирлаштирган. Ўтган йиллар давомида тарих ва ҳуқуқшунослик фанларига ихтисослашган мактаб шаклида фаолият олиб бориб, ушбу йўналишларда вилоятда биринчилардан бўлган. Фан олимпиадалари, “Сиз қонунни биласизми?” Республика кўрик – танловларида юқори ўринларга сазовор бўлган. 2017-ўқув йилидан оддий мактаб мақомида фаолият олиб бораётганига қарамай, малакали ўқитувчилар чуқурлаштирилган билим беришда давом этмоқдалар.
Дарвоқе, билим даргоҳига туманнинг қўшни маҳаллаларидан ҳам болалар қатнаб ўқишади. Шу боис ҳам мактаб ошхонасида доимо иссиқ овқат тайёрланади. Шу ернинг ўзида тушлик қилган ўқувчилар устозлари билан қўшимча фан тўгаракларида шуғулланишади.
Устозларнинг 3 нафари “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, 1 нафари “Шухрат” медали билан тақдирланишган.
Меҳнат жамоасида ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Шу боис ҳам бошланғич касаба уюшмаси ташкилотига 2016 йилда Феруза Юнусова касаба уюшмаси раиси этиб сайланди. Бу ҳақда қаҳрамонимизнинг ўзи шундай дейди:
-Мактабда инглиз тилидан дарс бераман. Ўқувчиларим билан мунтазам тўгарак машғулотларида шуғулланамиз. Шу боис ҳам номзодимни қўйишганда иккилангандим. Етакчилик вазифасини бажаришга улгурармикинман, деган хавотир бор эди. Лекин мендан аввал раислик қилган Саломат опа Абдурахмонова ишни тўғри ташкил этишимда кўмаклашдилар. Сўнгра касаба уюшма вазифалари тўғрисидаги семинарларда иштироким давомида етакчига хос хусиятларни ўзимга сингдириб бордим.
Ҳа, Феруза ишга тез киришиб кетди. Аслида етакчилик унинг туғма истеъдоди дейиш мумкин. Мактабдаги ўқувчилик, сўнгра университетдаги талабалик йилларида синфбоши, курсбоши бўлиб жамоа билан ишлаш “илми”ни ўзлаштирган эди.
Ўтган йили касаба уюшмаси Федерацияси томонидан ташкил этилган “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” форумида иштирок этиб қайтди-ю, юрт ободлигига ҳисса қўшиш, халқ фаровонлигини юксалтириш борасидаги ишларда ўзининг фаол иштироки, касаба уюшмалари билан ҳамкорлиги, ижтимоий йўналишдаги хайрли фаолияти режасини тузиб олди.
Ҳар ойда маънавият соатлари ташкил этиб, унда мактабдаги ёшлар комиссияси раиси Зулхумор Қаршибоева ҳам ўз мавзуларида суҳбатлар ўтказишини таъминлади.
-Доимо очиқ чеҳра билан кутиб олади. Саволларимизни ҳеч ҳам жавобсиз қолдирмайди. Ёш бўлишига қарамай ўзимизнинг ҳуқуқларимиз ҳақида саволлар бериб, бизни бир оз шошириб ҳам қўяди, -дейди ҳамкасби Гулсара опа Омонова.
Ҳа, етакчи бошланғич ташкилотдаги аъзоларнинг ҳар бири билан тиллашиб олган. Буниси дарс беради, буниси ўқимаган деб ажратишлар ушбу жамоага ёт нарса. Ходимлар билан ўта самимий суҳбатлашиб, уларнинг ҳар бирида фаоллик ва ташаббускорлик уйғотишга ҳаракат қилади.
Эътибор берсак, баъзи меҳнат ташкилотлари катта тадбирлар ташкил қилаолмаслигига аъзолари кам сонлигини рўкач қилади. Бироқ бу жамоада ҳеч бир байрам йўқки, нишонланмай қолмайди. Туман саломатлик спартакиадаларида доимий қатнашиб келадиган спортсеварлар жамоаси ҳам тузишган. Юрт бўйлаб саёҳатлар уюштириб, гўзал кентларга бориб келинмоқда.
Ходимларнинг фарзандлари маънавиятини бойитишни ҳам режага киритган. Касабақўм ташаббуси билан вилоят театр жамоасининг “Ўқимаган боланинг ҳоли” спектаклига чипталар олиб берилди. Албатта, бу театрга тушган болалар тушунчасида касаба уюшмаси ҳақида илк илиқ таассуротлар пайдо қилди, дея оламиз.
Феруза Юнусова Мирзаобод туманининг Навбаҳор маҳалласида 1981 йилда таваллуд топган. Олти қиз ва тўрт ўғилдан иборат серфарзанд оиланинг 9-си бўлиб дунёга келган Феруза ёшлигидан китобга меҳр қўйиб, доимо “Мен ўқишда ўқийман” деб ният қилар эди. Китоб ўқишга қизиқувчан қизалоқ икки юз саҳифали китобларни ҳаттоки бир куннинг ўзида адоқларди.
Оппоқ орзулари ушалиб, туман хорижий тилларга ихтисослашган мактаб – интернатни тамомлаб, Гулистон давлат университетининг хорижий тиллар факултетига давлат гранти асосида ўқишга кирди.
Қўшни Дўнгариқ маҳалласига турмушга чиққанидан буён қишлоқ мактаби ўқувчиларига, ўзининг ҳамкасбларига инглиз тилидан сабоқ бериб келаётир.
Касбини, жамоасини севган инсонда ишлашга иштиёқ пайдо бўлаверади. Иштиёқ эса интилишга, янги ғояларга сабаб бўлади. 33 – мактаб жамоасида ана шу иштиёқ ва интилишга гувоҳ бўлдик. Ушбу сифатлар ўз натижасини кўрсатаверсин!

Озода  МАМАДАЛИЕВА,

“Ishonch”  мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!