Click to listen highlighted text!

КОНСТИТУЦИЯ- БАРЧА ҲУҚУҚЛАРИМИЗ КАФОЛАТИ

             Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ташаббуси билан “Конституция-юртимизда янги ҳаёт, янги жамият барпо этишининг хуқуқий пойдевори” мавзусида маънавият соати бўлиб ўтди. Бош Қомусимизнинг 26 йиллигига бағишланган ушбу тадбирда касаба уюшма фаоллари иштирок этишди. Шунингдек, Гулистон Давлат университети проректори, доцент Равшан Маҳмудов Конституциямизнинг мазмун моҳияти, ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида тушунчалар берди. Маърузада таъкидланганидек, одатда ҳар бир Давлат ўзининг Конституциясига ва шу асосда ўз конституциявий тузумига эга бўлади. Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари” Шарқ цивилизациясига хос алоҳида шаклдаги конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлган. Амир Темур тузуклари фиқҳ қоидалари билан бир қаторда Марказий Осиё минтақаси халқлари тақдирига кучли таъсир ўтказган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси яратилишининг тарихий солномасига назар солинса, ҳеч шубҳасиз, мустақиллик сари ташланган қадамларнинг мантиқий натижаси эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Конституция “пойдевори”ни қуришда уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибасига таянилган.
Маънавият соати йиғилишида бирлашма раиси Рустам Турсунмурадов сўз олиб, меҳнат жамоалари Конституциямизнинг 26 йиллигига бағишланган спорт мусобақаларини уюштириш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этишаётгани, спортнинг оммалашувини таъминлаш мақсадида жаҳон, Осиё ва Олимпия ўйинлари ғолиблари, иштирокчилари билан меҳнат жамоаларининг учрашувлари ташкил этилаётганини маълум қилди.
Шунингдек, “Конституция – мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларининг муҳим пойдевори” шиори остида мустақиллик даврида барпо этилган иншоотларга ишчи-ходимларнинг саёҳатлари ташкил этилмоқда. Шу кунгача касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағи ҳисобидан ишчи-ходимларнинг Самарқанд, Хива ва Урганч, Тошкент шаҳарларига саёҳати ташкил этилди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!