Click to listen highlighted text!

БАЙРАМ ҚЎШАЛОҚ КЕЛДИ

Мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори мамлакат миқёсида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, эҳтиёжманд, жисмоний имконияти чекланган инсонларни манзилли қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш имконини бермоқда.
Мазкур Қарор ижроси юзасидан Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Республикамизнинг барча ҳудудларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра уй-жойга, маиший техника жиҳозларига эҳтиёжи бор, яшаш жойларини таъмирлаш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланиб, аҳолининг кам таъминланган тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқилди.
Айни кунда эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, Сирдарё вилоятида ҳам Президентимиз ташаббуслари билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасидаги тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Бир гуруҳ сирдарёлик эҳтиёжманд оила вакиллари бахтимиз қомуси бўлмиш Конституциямиз қабул қилинганлигининг 26 йиллик байрами арафасида қонуний мулкка эга бўлдилар.

Ҳаяжондан уйқу келмади

Илҳом Боймуродов ҳали қирқ ёшни “урмаган” йигит ёшида. Бироқ тақдир синовлари уни эрта сийлади. 22 ёшида ассимилит фалажлик билан оғриб қолди. Серфарзанд оилада улғайганлиги учун ҳам оила даромадлари уни бир – икки бор вилоят касалхонасида даволатишга имкон берди, холос. Беморлик ҳолатида бўлса ҳам турмуш қуриб, бахтли оила тузаман, деган Лобархон ахдига содиқ қолишда кўп қийинчиликларга дуч келди.
– Касаллигим туфайли ишлай олмайман. Бу орада икки нафар қизлик бўлдим. Яшашга бирор манзил излаб 6 йиллик турмушимда кўп қийинчиликларни бошдан кечирдик. Ижарага пул тополмагач, бир муддат аёлимнинг уйида бўлдим,- дейди И.Боймуродов. – Охирги пайтлар оилам билан бир ҳовли чеккасидаги ҳеч қандай шароитга эга бўлмаган ошхона биносида яшашга мажбур бўлдим. Шундай пайтда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасидан вакиллар келиб, ахволимни ўрганишди. “Уй – жой олиб бериш учун дастурга киритилдингиз” дейишса, ишонмагандим. Уйни излаш, харидорни кўндириш, тозалаб пардоз бериш, кўчиб ўтиб жойлашиш каби барча хизматларни бизни безовта қилмай, қатор ташкилот вакиллари ўзлари бажаришди. Кеча барча юмушлар ниҳоясига етказилгач, номимга расмийлаштирилган уй ҳужжатларини тутишди. Турмуш ўртоғим билан шу куни ухлай олмадик. Биринчи марта ҳотиржам бўлдик.
Боёвут тумани марказида жойлашган икки хонали хонадонда барча шароитлар муҳайё дейиш мумкин. Иситиш тизими, ювиниш хонаси, хонадоннинг биринчи қаватда жойлашуви каби қулайликлар I гуруҳ ногирони бўлган Илҳомжоннинг тўғри парвариш олиши учун асқотадиган бўлди. Уйнинг ҳовли қисмида тандирхона, янги жиҳозланган болалар майдончаси бор. Қизалоқлар аллақачон арғумчоқ учиб, сирпанчиқда учишибди.
Янги уйни йўқлаб келган илк меҳмонлар ҳам туман ташкилоти вакиллари бўлишди. Туман хотин – қизлар қўмитаси оилага жавон совға қилди. Оила маркази рахбари Саодат Қорабекова янги гилам, ЎзЛиДеп туман кенгаши озиқ – овқатлар билан йўқлаб келишди.
Оиланинг ҳаётида янги саҳифалар очилишни бошлади. Бу саҳифалар сермазмун ва ёқимли лаҳзаларга бой бўлишини тилаймиз.

Орзудаги уй соҳиби бўлдим

Гулистон тумани Аҳиллик маҳалласининг 4 сотих майдонлга эга ҳовли уйга кўчиб кирган Шаҳноза Эгамбердиева 2 нафар фарзандини ёлғиз тарбия қилади. Турмуши бузилгач, ота уйида яшай бошлайди. Онасининг вафотидан сўнг меҳр топилмаган уйда яшай олмай 2 йил муддат очиқ майдонга ўрнатилган вагонда ҳаёт кечиришга мажбур бўлди.
– Давлатимиз раҳбарига минг ташаккур. Ҳеч кимдан топмаган меҳрни Президентимиздан кўрдим, – дейди Шаҳноза Эгамбердиева. – Қачондир бошпанам бўлади деган орзу ҳам қилгим келмасди. Сабаби ушалишига ишончим йўқ эди. Тандирхона, оғилхона, ошхона каби қўшимча қурилмалари бор бўлган шинам ҳовлининг соҳибаси бўлганимдан жуда бахтлиман.
Шаҳнозанинг, ўзи бошпана тутган вагон деворларига фарзанди Азизжон чизган уй расмига қараб эзилган кунлари кўп бўлган. Бугун айтаётган барча ташаккурлари чин қалбдан айтилмоқда.

Умидлари ушалган Умида

Умида Андасованинг турмуш ўртоғи вафот этганида 4 нафар фарзанди билан ёлғиз қолиб кетди. Болаларнинг ичида ҳали гўдаклари бор эди. Волидаси ёрдамида фарзандлари парваришини давом эттирди. Бироқ онаси вафот этгач ҳеч бир меҳрибон қўл бошини силамади. Ҳеч бир маблағсиз, бошпанасиз қолди.
– Бошимдан нималар ўтмади, ижарама ижара сарсон бўлдим. Фарзандларим билан ахлат қутиларидан елим ҳалта, елим идиш тўплаб кун кечирдим. Кимдан ёрдам сўрасам, фарзандларимни меҳрибонлик уйига топширишимни маслаҳат беришди. Бундай ҳолатга тушмаслик учун ҳаракат қилдим. Лекин ҳар сафар болаларим ёшлиги, уларга кўз қулоқ бўладиган бирор кўмакчим бўлмагани учун ҳеч ишни удда қила олмадим. Ночорликдан далада дов дарахтга пана тортиб кун кечирган кунларим бўлган, -дейди Умидахон кўзларида ёш билан.
Маҳалла маслаҳатчилари ёрдамида фуқаролик паспорти, фарзандлари учун метрика гувоҳномалари олишга муяссар бўлди. Унинг яшаш шароитини ўрганиб, давлат томонидан уй олиб бериш дастурига киритишди. Икки хонали уй соҳибига айланган Умидани йўқлаб маҳалла кўй, қўни- қўшнилар чиқишди.

Юртпарвар фарзанд бўлишсин!

Сирдарё туманилик Шавкат ва Зебинисо Усмоновлар оиласи ҳам эҳтиёжманд оилалардан ҳисобланади. Оила икки нафар фарзанди билан 5 йил давомида масжид биносида яшаб келган. Туманнинг Исломобод маҳалласи хотин- қизлар бўйича маслаҳатчиси Санобар Абдуқодирова кўмагида фарзанди Эъзоза мактабгача таълим муассасасига ж ойланган. Бандлик бошқармаси тавсияси билан Шавкатжон йўл қурилиш корхонасига ишга жойлашди. Бугун манзилли дастур асосида 2 сотих майдонга эга 3 хонали ҳовли уйга соҳиб бўлишди.
– Давлатимиз кўрсатган ғамхўрлик учун фарзандларимизни муносиб авлод қилиб тарбиялашга ваъда берамиз, – дейди Зебинисо. – Илоҳим, фарзандлиримиз ватанимиз хизматини қиладиган юртпарвар бўлиб улғайишсин.

Эртаклари ушалган, болам!

Сардобалик Ҳулкар Шукурова уч қиз ва икки нафар ўғил фарзандларини ёлғиз тарбиялаб келмоқда. Яхши ҳам тикувчилик ҳунаридан хабари бор экан. Рўзғорини тебрата олди. Бироқ, фарзандлири билан бирга яшашга бошпана тополмай кўп қийналди. Кўпинча, опасидан ёрдам олиб турди. Фарзандлари ҳам Гулистон шаҳридаги опасиникида яшаб, мактабга қатнашди.
-“Яхши ўқисанг, катта одам бўласан. Ўшанда ўз уйимизни сотиб оламиз. Унинг хоналари кўп бўлади. Биттаси сеники, биттаси синглингники бўлади”, деган орзуни болаларим эртак қилиб айтишни, эшитишни яхши кўрарди, – дейди қаҳрамонимиз.
Бугун бу беғубор орзулар ушалиб, оила Гулистон шаҳрида ўз уйларига эга бўлишди. Уйнинг энг чиройли хонаси, албатта, болалар хонаси бўлган. Ахир, хона меҳр билан, бор иштиёқ билан ясатилган.

* * *

Насиба опа Усмонова қарийб 27 йилдан буён ижара уйларда яшаб келмоқда. Доим меҳнат қилди, бировдан бир сўм сўрамади. Лекин ёлғиз қўл билан топгани рўзғордан ортмади. Бахтсиз автоҳалокат сабаб 7 йил тўшакда ётиб қолди. Фарзандлар айни улғайиб қизини узатадиган, ўғилларини уйлантирадиган палла эди, ўшанда. Парваришга муҳтожлиги, рўзғор юмушларига кўмакчи заруратидан даволанишдан ортган пулларга тўй қилишди. Хуллас, 4 хўжалик битта ижара уйда яшаб келишди. Эҳтиёжманд оила сифатида рўйхатда бўлган ушбу оила манзилли давтур асосида 4 хонали уйга кўчиб ўтишди.
– Ижарада турганнинг топгани йиғилмайди экан, -дейди Насиба опа. – Минг шукур, уй соҳиби бўлдик. Энди топганимизга барака бериб фарзандларимга уй олишни ният қиляпмиз.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!