Click to listen highlighted text!

ҲАВАСКОР СПОРТЧИЛАР БЕЛЛАШИШДИ

          Кейинги йилларда ҳар бир соҳа меҳнаткашлари ўртасида турли маънавий-маърифий  ва спорт тадбирлари кўплаб ўтказилмоқда. Бу тадбирлар ходимларнинг дунёқарашини кенгайтириб, маъанавиятини юксалтириб, жисмонан соғлом бўлишларига хизмат қилмоқда.

      Январь ойининг иккинчи ярмидан бошланиб кетган “Спорт-саломатлик гарови” мусобақаларининг иккинчи босқичи ҳам якунига етиб қолди. 25-26 февраль кунлари вилоятимизнинг Гулистон ҳамда Янгиер шаҳарлари, Боёвут, Ховос, Оқолтин, Сирдарё  ҳамда Гулистон туманларида тармоқлараро туман босқичлари бўлиб ўтди. Шуни ҳам эътироф этиш лозимки, бу галги мусобақалар ҳар йилгидан-да юқори савияда ўтказилди.

         Хусусан, Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида бўлиб ўтган мусобақалар иштирокчилар хотирасида ёрқин тассуротлар қолдиргани аниқ. Эрта тонгданоқ спорт мажмуаси иштирокчилар ва уларнинг оила аъзоларидан иборат томошабинлар билан тўлди. Таълим, фан ва маданият, Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ва Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси шаҳар кенгашлари вакили бўлмиш ҳаваскор шахматчилар, шашка ва стол тенниси ихлосмандлари, бадминтончилар ўртасида кечган кураш жуда қизғин ўтди. Тармоқлар  волейболчи аёлларининг завқ-шавқ билан ўйнашлари томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлди.

      Мусобақаларга ҳакамлик қилган Ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийлари ғолибларни аниқлашга жуда эътибор билан, жиддий ёндашдилар.

           Спартакиада натижаларига кўра  шаҳардаги 11- умумтаълим мактаби волейбол жамоаси ИИБ 15-МТМ ҳамда Республика Шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиали жамоаларини доғда қолдириб, ғолиб деб топилди.

     Стол тенниси мусобақаларида ҳам Таълим, фан ва маданият касаба уюшмаси аъзоларининг қўли баланд келди. Ушбу спорт тури бўйича аёллар ўртасида шаҳардаги 4 – умумтаълим мактабидан  Гулчеҳра Авазова, эркаклар ўртасида  14 – умумтаълим мактаб ўқитувчиси  Азиз Низомов иштирокчилар орасида пешқадамлик қилишди.

          Шахмат баҳсларида аёллар ўртасида ИИБ МТМ ходимаси Гулноза Бийболаева,  эркаклар ўртасида  Соғлиқни сақлаш муассасалари тармоғи вакили Н. Жўрабоевларга тенг келадигани топилмади.

  Қизиқарли шашка беллашувларида  15-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Гавхар Мирзаахмедова, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси етакчи мутахассиси Улуғбек Таниқуловлар биринчиликни қўлга киритишди.

       Спортнинг Бадминтон турида 13 – умумтаълим мактаби ходими Шаҳноза Боймуродова, 6- умумтаълим мактабидан Ғайрат  Келдашевлар мутлоқ ғолиб деб топилдилар.

Барча ғолиб  иштирокчиларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

         Афсуски, ушбу мусобақаларда ҳам Агросаноат мажмуи ва Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва савдо хизмати касаба уюшмалари аъзолари фаоллик кўрсатмадилар.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!