Click to listen highlighted text!

ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ ОНГИНИ ОШИРИШ ВА ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ- ДОЛЗАРБ МАСАЛА

Юртимизда фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш ва ҳуқуқий маданиятини шакллантириш борасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Конституциямизнинг 23 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда унга алоҳида эътибор қаратди. “Ҳаммамиз шуни тан олишимиз керакки, жамиятда қонунийлик, қонун устуворлигини тўлиқ таъминлашнинг энг муҳим шартларидан бири – бу одамларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларни шу руҳда камол топтириш, фуқароларнинг қонунни пухта билиши, юксак ҳуқуқий онг ва маданиятга эга бўлишидан иборат. Буни эсимиздан чиқармаслигимиз зарур”, дея таъкидлаган эдилар юртбошимиз.

Фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, эркин ва мустақил оммавий ахборот воситаларини янада  ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Асосий қонунимизнинг 32-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ, давлат органлари фаолияти устидантжамоатчилик назорати институти халқ ҳокимиятининг муҳим элементи сифатида конституциявий мақомга эга бўлди. Ана шу конституциявий тузатишни ривожлантириш бўйича қабул қилинган янги қонунлар ва бошқа кўплаб қонунчилик ҳужжатлари фуқаролик жамиятини юксалтиришда, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишда фуқаролик институтлари,  оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, фуқароларнинг ижтимоий ҳамда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб берди.

Мазкур лойиҳа доирасида Гулистон шаҳридаги Фуқаролик жамияти шакллантиришни мониторинг қилиш мустақил институти Сирдарё вилоят филиали фаоллар залида семинар-тренинг ўтказилди.

Лойиҳадан мақсад – нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ОАВ ходимларининг фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги иштироки ва роли борасидаги ҳуқуқий билимларини  ошириш, ОАВ орқали аҳолининг ҳуқуқий онгини шакллантириш, журналистларни ҳуқуқий мавзуни ёритишда ва таҳлилий материаллар тайёрлашда аҳлоқий қоидалардан хабардор этиш, ички ишлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ёрдамида аҳолининг ҳуқуқий онгини шакллантириш борасидаги масалаларни муҳокама этиш, жойларда ижтимоий шерикликни яхшилаш ва бошқалардан иборат бўлиб, семинар-тренингда вилоят ННТ ва ОАВ ларидан 16 нафар раҳбар ва вакиллар иштирок этдилар.

Иштирокчилар дастлаб, “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг конституцион ҳуқуқларини ҳимоялашда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва роли мавзуси” даги “Демократия ва инсон ҳуқуқлари” институти директори, юридик фанлари номзоди Сайёра Ходжаеванинг маърузасини тингладилар. Маърузачи томонидан, шунингдек, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги янги Ўзбекистон Республикаси қонуни тақдимот қилинди.  Тадбир иштирокчилари учун тренер, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети доценти Наргис Қосимова томонидан ташкил этилган вазиятлар бўйича ақлий ҳужум, ролли ўйинлар айниқса, қизиқарли ўтди.

         – Семинар-тренингда кўтарилган мавзулар бизга жуда яқин мавзулар бўлиб, биз уни кундалик  амалиётимизда қўллаймиз, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими етакчи мутахассиси Санжар Тоғаев. – Шу жумладан, жойларда меҳнат жамоаларида ушбу мавзуларнинг тарғиботини олиб бормоқдамиз. Тадбирда мен маърузачи кўмагида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг янги жиҳатларини кашф этдим ва ундан ўз фаолиятимда фойдаланаман.

         -Бундай тадбирлар журналистларимизнинг ҳам ҳуқуқий билимларини оширишга катта кўмак беради, – дейди Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлими раиси Жумабой Қосимов. – Мен ўйлайманки, семинарда қатнашган газеталар вакиллари юқоридаги мавзуларни ёритишда фаоллик кўрсатадилар.

         Тадбир баҳс-мунозара ва савол-жавобларга бой бўлди.

 

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!