Click to listen highlighted text!

ЗАНГИ ОТА ЗИЁРАТГОҲИДА

Мана, муборак Рамазон ойи ҳам охирлаб қолди.Ўзида  гўзал фазилатларни, хислатларни жамлаган  покланиш ва махфират ойи хотиржамлик, осойишталик билан ўтди.  Қутлуғ ойнинг ҳар бир кунида саховат, мурувват, меҳр-оқибат, кечиримлилик, эзгулик каби азалий одатларимиз ўз аксини топди, десак  муболаға бўлмайди.

Муборак кунларда улуғ аждодларимиз билан  боғлиқ  жойларни зиёрат қилиш, уларнинг  табаррук номларини ёдга олиш хайрли ва савоб юмуш – бошқача қилиб айтганда бу  ҳам бир ибодат саналади.

Мустақиллик  йилларида мамлкатимизнинг турли ҳудудларида жойлашган тарихий  обидалар,  муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар қайта таъмирланиб, юртдошларимизни ўзига  чорлайдиган обод гўшаларга айландики, уларнинг ҳар бири ҳақида ҳар қанча фахрланиб гапирсак ҳам оз.

 Ана шулардан бири Тошкент вилоятидаги XV асрга оид меъморий ёдгорлик ҳисобланган Зангиота  мажмуи яъни зиёратгоҳидир.  Бу қадамжо нафақат республикамизда, балки Ўрта Осиё мамлакатлари халқлари орасида маълум ва машҳурдир. Шу ўринда  қуйидаги маълумотларни келтириб ўтамиз: Мажмуанинг бундай номланиши Ойхўжа ибн Тошхўжа исмли шахс номи билан боғлиқ бўлиб, тўқ буғдойранг тусли киши бўлганлиги сабабли одамлар орасида “Занги ота” (яъни “қорачадан келган”)  номи билан машҳур бўлган. Шайх Арслонбобнинг авлоди (эвараси) бўлган, ўз даврида яссавия тариқати пири муршиди даражасига кўтарилган бу зот Тошкент шаҳрининг Самарқанд дарвоза маҳалласида туғилиб ўсганлиги ҳақида тахминлар бор. Милодий 1258 йил, Тошкент яқинидаги ҳозирги Зангиота қишлоғида вафот этган. Зангиота ва унинг издошлари халқ орасида ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, адлу инсоф, поклик, яхшилик, меҳр-шафқат, художўйлик каби умуминсоний ғояларни тарғиб қилган. қолдирганлар, халқ орасида у киши ҳақида ривоятлар тўқилган.

Зангиота мақбарасини XIV асрнинг 80-йилларида Амир Темур  қурдиргани ва XV асрнинг 20-йилларида Мирзо Улуғбек ҳомийлигида қўшимча қурилишлар ҳамда безак ишлари бажарилгани, мажмуа мустабид тузум даврида эса омборхона, кейинчалик музей вазифасини ўтаганлигини юртдошларимиз яхши билишади.

Ривоятларга қараганда, Занги ота чўпонларнинг пири «авлиё» қиёфасида гавдаланади. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Занги ота Аҳмад Яссавийнинг муриди, сўфий шоир Сулаймон Ҳаким Боқирғонийнинг шогирди бўлган.

Занги отанинг бутун ҳаёти Мовароуннаҳр халқларининг энг оғир даврига тўғри келади. Зотан, XIII асрнинг 20 йилларида Мўғул истилочилари Мовароуннаҳрнинг энг йирик шаҳар ва қишлоқларини вайрон қиладилар. Оддий меҳнаткаш халқни эса қуллик исканжасига соладилар. Шундай оғир бир пайтда Занги ота ва унинг шогирдлари халқ оммасини қаҳрамонлик, ватанпарварлик, меҳр-шафқат каби энг олий умуминсоний ғоялар билан озиқлантирди. Занги отанинг бу хизматлари вақти келиб Амир Темур томонидан муносиб тақдирланди.

Мустақиллик  йилларида бу қадамжога алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, кейинги йилларда зиёратгоҳнинг  кўриниши тубдан ўзгарди, у қайта таъмирланди, ажиб бир бетакрор гўшага айланибдики, ҳозирги кунда бу ердан зиёратчиларнинг  қадами узилмайди.

Яқинда – қутлуғ рамазон кунларида ушбу масканга борганимда  бундан бир неча  йил олдинги ҳолати бутунлай ўзгарганига гувоҳ бўлдим. Зиёратгоҳнинг атрофида маданий-маиший бинолар қад ростлабди, янги савдо расталари  қурилибди. Зиёратгоҳнинг кириш қисми -пештоқининг безаклари ичкаридаги улкан ўзгаришлардан дарак бериб турарди.

Олдинги ҳолатича гумбазли дарвозахона орқасида иккита пастак минора, уларнинг жануби-ғарбида XX аср бошларида курилган шийпон ва минора бор. Минора ғиштдан қиррали қилиб қурилган. Унинг жануби-ғарбида гумбазли, ғишт устунли, деворлар ёзувлар билан безатилган пешайвонли масжид, ҳовлининг қолган уч тамонида бир қаватли ҳужралар жойлашган. Шимоли-ғарбида дарсхона, шимоли-шарқида эса яна бир дарвоза бўлиб, ундан қабристонга чиқилади.

Занги ота мақбараси ҳовлининг жанубида пештоқли айвон, зиёратхона, хилхоналардан иборат. Зиёратхонанинг девор ва бурчакларида йирик ва майда равоқлар гумбазга асос бўлган. хилхонада бурчак ва тахмон равоқлари икки қаватли гумбазни тутиб туради. Зиёратхонанинг ичкари-ташқарисидаги сирларнинг қолдиқлари бинонинг ўз даврида маҳобат билан нақшланганлигини кўрсатади. Жануб қисмида Анбар биби мақбараси бор. Мана шу иншоотлар ҳозирги кунда бутунлай ўзга кўринишга эга. Мажмуадаги Занги ота мақбараси, гумбазга асос бўлган кичик –кичик хужралар таъмирланиб, ичкарида намозхонлар учун барча шароитлар яратилибди, ҳужраларни бирлаштириб турган узун айвонларга гиламлар тўшаб қўйилибди.  Одамлар бемалол келиб, зиёрат  қилиб кетишмоқда.

Мақбара ичидаги Занги отанинг қабри олди панжара билан тўсиб  қўйилган.  Табаррук хонахоққа яқин  келиб, ул  улуғ зотнинг ҳаққига дуо  қилиб руҳини шод этдик.

Қадамжо ҳовлисидаги  ободончиликдан, гўзалликдан, зиёратчиларга яратилган шароитдан ҳайратга тушдик.  Турли шакллар бериб экилган гуллар барқ уриб ётиб. Садарайҳонларнинг ифори димоққа урилади.

Йўлаклар четидаги ўриндиқларда, шийпончаларда зиёратчилар дам олиб ўтиришибди. Бир пайтлар шунчаки оқиб турадиган булоқ суви  (шу ерда кўримсиз ҳовуз бор эди) атрофига  тошлардан  мўъжаз тепалик   қурилиб, бир неча  жойига махсус жўмраклар ўрнатилибдики, гўё сув шу тошлар орсидан отилиб  чиқаётгандек туюлади. Муздай  тиниқ булоқ суви куннинг иссиғида жонга роҳат бағишлайди. – Бундан бир неча  йил олдин келганимда  бу қадамжонинг кўриниши бошқача эди, ўтган даврда бутунлай ўзгарибди, ажойиб гўшага айланибди, – деди Фарғонадан зиёрат  қилгани келган бир отахон. – Шундай  улуғ инсонлар номи билан боғлиқ қадамжоларимиз борлиги билан фахрлансак арзийди. Табаррук Занги отанинг руҳини шод этиб,  бу ерни обод қилиб, катта ҳамманинг ҳаваси  келадиган  қилиб қўйган Юртбошимизга, ҳукуматимизга раҳмат.

Анчадан бери  бу зиёратгоҳга  келишни ният  қилиб юрардим, мана бугун – қутлуғ Рамазон ҳайити арафасида насиб этди, оиламиз, фарзандларимиз билан келиб, айланиб юрибмиз, – деди вилоятимиздан борган Феруза исмли  аёл.

Бу каби илиқ гапларни ҳар қадамда эшитдик.

Яна бир нарса эътиборимизни тортди.  Асосий дарвозадан  кираверишда   ногиронлар аравачалари тайёрлаб  қўйилибди.  Мажмуадаги ходимлар, ёки зиёратга келган хаста, ногирон ёки  кекса кишиларнинг яқинлари уларни шу аравачаларга ўтқазиб ичкарини томоша қилдиришлари мумкин.

Ҳа, зиёратгоҳдаги ўзгаришлар, ободонлаштириш ишлари, табаррук аждодларимизнинг руҳларини шод этиш йўлида  амалга оширилган ишлар, юртдошларимиз учун яратилган шарт-шароитларни  кўриб,  шундай юртда  яшаётганимизга яна бир карра шукрона айтдик.

 

Холида ПАРДАБОЕВА.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!