Click to listen highlighted text!

СОҒЛОМ АВЛОД –ЮРТ КЕЛАЖАГИ

Ёзги таътил давомида  мактаб ўқувчилари  ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида яйраб ҳордиқ чиқаришмоқда. Бу ерда улар учун барча шароит муҳайё. Ўғил-қизлар спорт, бадиий ижод, рақс тўгаракларида шуғулланмоқдалар. “Камолот” ЁИҲнинг кўнгиллилари оромгоҳларда дам олувчилар ўртасидан энг фаолларини танлаб олиб, тренинглар ўтказишмоқда ва лидерлар тайёрлашмоқда.

         Ана шундай қизғин фаолиятдан “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди вилоят бўлими ҳамда “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти ҳам  четда қолишмади. Яқинда ушбу ташкилотлар  ходимлари Зомин туманидаги “Гулистон ҳамда ” Сирдарё туманида жойлашган “Сирдарё” оромгоҳида бўлишиб, бу ерда болажонлар учун спорт-соғломлаштириш  тадбирлари ташкил этдилар. Бу тадбирларда иштирокчилар, футбол, волейбол, шахмат-шашка ва сузиш бўйича ўзаро беллашдилар.

         – Юлдуз опа ўз жамоаси билан  ҳар йили оромгоҳимизнинг  ҳар иккала сменасида бир маротаба келиб, болажонларимизни рағбатлантириб қайтадилар, – дейди оромгоҳ бош етакчиси Умид Наврўзов. – Бу йил ҳам “Соғлом авлод учун” ХҚХХФ вилоят бўлими  “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти ходимлари билан биргаликда  болажонларимиз учун “Соғлом авлод-юрт келажаги” тадбирини ўтказишди. Тадбирда фаол иштирок этганларга фонд ва жамиятнинг  совғалари ва фахрий ёрлиқлари тақдим этилди.

         – Мен ушбу оромгоҳни жуда яхши кўраман, ҳар йили бу ерда икки сменада ҳордиқ чиқарамиз, – дейди “Болалар шаҳарчаси” тарбияланувчиси Дурдона Асанова. – Юлдуз опани ҳам яхши танийман. У киши бизнинг шаҳарчамизга ҳам тез-тез келиб, тиббий кўрикдан ўтказиб турадилар. Ҳар-хил совғалар олиб келадилар.

         Иссиқ ва сершовқин шаҳардан  бориб,  сўлим гўшаларда мазза қилиб ҳордиқ чиқараётган болажонлар Мустақил юртимизда болажонларга аталган барча яхши нарсалардан баҳраманд бўлмоқдалар.

 

 

                                                                       Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!