Click to listen highlighted text!

ДАЛИЛИЙ АШЁЛАР ЁҚИБ ЮБОРИЛДИ

Гиёҳвандлик – аср вабоси

     Вилоятимизда наркотик моддалар тарқалишига қарши кураш мақсадида қабул қилинган миллий ва халқаро норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жиноятни содир этган шахсларга белгиланадиган жазолар, ОИТС/ОИВнинг келиб чиқиши, оқибатлари, бўш вақтни мазмунли ўтказиш мавзуларида, айниқса, ёшлар орасида турли тадбирлар ўтказилмоқда. “Гиёҳвандликка қарши биргалашиб курашамиз!”, “Гиёҳвандлик – аср вабоси!”, “Психотроп моддаларнинг инсон саломатлигига таъсири ва унинг салбий оқибатлари” мавзуларида корхона, ташкилот ва муассасаларда, меҳнат жамоаларида ўтказилаётган учрашувлар, давра суҳбатлари,  профилактик ишлар ўзининг яхши натижаларини бермоқда. Мақсад – наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш.

         Хулоса шундай бўлмоқдаки, гиёҳвандлик йўлига киришга сабаб бўлаётган омиллар бартараф этиляпти, соғлом турмуш тарзига бўлган муносабат яхши томонга ўзгармоқда.

         Шолининг ичида кўрмаги бўлгани сингари гуёҳвандликни ихтиёр этганлар ҳам йўқ эмас,  орамизда. “Беш қўл баробар эмас” деган нақл бор. Баъзи оилаларда ота-оналарнинг масъулиятсизлиги, жамоатчиликнинг эътиборсизлиги туфайли гиёҳвандлик билан боғлиқ турли ҳуқуқбузарликлар содир бўлмоқда.

Гиёҳванд нафақат ўзининг  соғлиғига, балки оиласига, жамиятга ҳам зарар етказади.

         Гулистон шаҳрида вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан далилий ашё сифатида олинган 270 туп наша,  611 туп кўкнорининг ёқиб юбориш тадбири ўтказилди. Унда вилоят прокуратураси, вилоят ички ишлар бошқармаси, Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари  вакиллари иштирок этишди.

         – Гиёҳвандлик – аср вабоси, деб бежиз айтилмаган, – дейди вилоят прокуратураси бўлими прокурори Холбек Абдуллаев. – Айниқса, у ёшлар орасида тарқалаётгани жуда хавфли.  Яхши тарбия олиб, илм эгаллаш, спорт билан ошно бўлиш, санъат сирларини ўрганиш ўрнига ичкиликбозлик, гиёҳвандликка берилаётган, оқибатда жиноят содир этилаётган, уларнинг айби билан ногирон болалар туғилаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.  Шунинг учун ҳам соғлом турмуш тарзини  тарғиб қилишни бирор дақиқа кечиктирмаслик керак.

         – Биз наркотраффик ва гиёҳвандлик  моддалари билан қонунга хилоф равишда  муомала қилишга қарши қатъий кураш олиб боряпмиз, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликнинг олдини  олиш бошқармаси катта инспектори Салоҳиддин Абдурасулов. – Профилактика  ишларини ҳозирги талаб даражасига кўтаришимиз, тарғиботни бугунгидан-да кучайтиришимиз даркор. Айниқса, наркотик моддалар тарқалишига қарши кураш мақсадида қабул қилинган миллий ва халқаро норматив ҳуқуқий ҳужжатлардан ҳар бир фуқаро хабардор бўлиши керак.

– Менинг  ёшларга айтадиган гапим бор: юртимизга, тинчлик ва осойишталикка  шукроналик билдириб, етарли таълим ва тарбия олиб, Ватанга муносиб инсон бўлинг. Вақтни беҳуда ўтказманг, ҳар бир онингиз мазмунли, самарали бўлсин, – дейди тадбирда иштирок этган жамоатчилик вакили, маҳалла фаоли Холида Пардабоева.

 

Ортиқ СУЛТОНОВ.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

 

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!