ОРЗУЛАРИ УШАЛГАН ХАЛҚИМ
Муаммонинг ечими жойларда
Бирдамлик, бамаслаҳат тадбир тутиш, бир-биридан хабар олишдек эзгу амаллар халқимизга хос бўлган қадриятлардир. Азалдан барча юмуш биргаликда, ўзаро маслаҳатда, ёшу улуғлар сўзига қулоқ тутиш билан ҳал этилган.
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланган йилнинг илк кунларидан бошланган мулоқотларнинг очиқлигини, ўз хонадонларида бўлишини халқимизнинг ўзи кутмаганликлари аниқ. Буни уларнинг самимиятидан, эътибордан хурсандликлари ва мулоқот вақтидаги ҳаяжонаридан сезиш мумкин.
Шуни қувонч билан айтишимиз мумкинки, халқимизда боқимандалик, тайёрини кутиш каби салбий кузатишни бирорта ҳам учратмадик. Хонадонларда бўлганимизда ободлик ва юксалишга интилиш кучли эканлигини кўрдик. Қай хонадонга бормайлик шукроналик ҳисси билан барча давлат идораларига ишонч билдиришларини таъкидлашди.
Сирдарё вилоятида 146043 та хонадон мавжуд бўлиб, шундан 67358 та хонадон бугунги кунда ўрганилишга эришилди. Сўровнома жараёнида 54306 та хонадон ижтимоий-иқтисодий муаммолари мавжуд эмаслиги, 13052 та хонадонда саволлар, муаммолар қайд этилди.
Жумладан, Гулистон тумани маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи хонадонларни ўрганиш жараёни маълумотномаси билан танишиб муаммо мавзу турлари барқарорлигига амин бўлдик.
-Қисқа фурсатларда 25 маҳалла, 6509 та хонадон билан танишиб чиқилди. Ўрганиш натижасиад 496 та масала ва муаммолар қайд этилди, -дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Гулистон туман кенгаши раиси Ўсар Усанов. – Асосан, янги уй жойга эгалик қилиш, кридет олиш ҳисобига тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш юзасидан саволлар келиб тушганлигини кўриб, очиғи қувондик. Демак, бор-йўқ ташвишимиз уй қуриш, тўйлар қилиш, тадбиркорлик бошлаб даромад орттириш экан.
Шунингдек, Мирзаобод туман “Янгиаул” МФЙда жами 4120 нафар аҳоли, 788 та оила ва 683 та хонадон мавжуд бўлиб бир кунда 43 хонадон ўрганилганда уларнинг 19 тасида иқтисодий, ижтимоий муаммолар мавжуд эмаслиги, 4 та рўзғор хўжалигида турли муаммо ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди.
– Х.Олимжон кўчаси 5 уйда яшайман. Турмуш ўртоғим Янгибоева Зулфия 10 йилдан буён акли заиф бўлиб қизим қарамоғида. Бетоблиги учун нафақага ёрдам керак,- дейди “Янгиаул” МФЙ истиқомат қилувчи Янгибоев Хонтўра.
Бу масала юзасидан дарҳол туман Тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилиш, бунда МФЙ вакилларини бириктириш чора -тадбири ишлаб чиқилиб муаммо тез орада ижобий ҳал этиладиган бўлди.
Айтиб ўтиш керакки, ҳар бир оила бўйича тузилган баённомаларнинг комплекс якуни бўйича чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Халқ доимо ўз орзу истакларини давлат, ҳокимият билан баҳам кўргиси келган. Бу ният ўзи яратган достону- эртакларида ҳам акс этган. Бугун халқимиз ана шу кўп йиллик тилак амалга ошганлигининг гувоҳи бўлмоқда. Орзуларинг доимо ушалаверсин, онажон халқим.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири