Click to listen highlighted text!

“АСКАР ОНАЛАРИНИ ШАРАФЛАЙМИЗ” ДЕБ НОМЛАНГАН ТАДБИР БЎЛИБ ЎТДИ

             Гулистонда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб “Аскар оналарини шарафлаймиз” деб номланган тадбир бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, мудофаа ишлари ва маданият бошқармалари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларнинг оналари, ҳарбий хизматчилар, жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Биринчи Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш, юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлашга ҳисса қўшиш ҳар бир йигит учун юксак шон-шараф ишига айлангани алоҳида таъкидланди.
– ЎғлимАлижон Самарқанд вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўтамоқда, – дейди Сирдарё шаҳрида яшовчи Авалбой ҳамда Санобар Бобоевлар. – Ҳар гал телевидение ва матбуот орқали мард ва жасур аскарларни кўрсам, худди ўғлимни кўргандек бўламан. Албатта, бундай туйғуни ҳар бир ота-она ҳис қилиши табиий. Биз, ота-оналарга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиздан миннатдормиз.
Тадбирда Самарқанд вилоятида йигитлик бурчини ўтаётган аскарларнинг оналарига ҳарбий қисмлар командирларидан келган ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилди. Аскар оналарига “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро фонди вилоят бўлими ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан совғалар тарқатилди.
Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар барчага янада кўтаринки кайфият бағишлади.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!