Click to listen highlighted text!

АСКАРЛАРГА ТАВСИЯНОМАЛАР ТОПШИРИЛДИ

     Мамлакатимизда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ватан ҳимоячиларини тантанали кузатиш ва ҳарбий қисм қўмондонлигининг олий ўқув юртларига ўқишга киришда қўшимча имтиёзлар берувчи тавсияномаларни топшириш маросимлари байрамона ўтказилмоқда.

     Гулистон гарнизонининг ҳарбий қисмларидан бирида бўлиб ўтган шундай тадбирда ҳарбий хизматчилар, шунингдек, вилоят “Нуроний” жамғармаси раиси Абдумалик Азимов, вилоят ахборот-кутубхона маркази ходими Нозима Элтоева, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси етакчи мутахассиси Зебо Ҳайдарова, ҳарбий қисм командирлари ва ОАВ  иштирок этишди. 35 нафар аскар йигитларни табриклаш учун сўзга чиққанлар мамлакатимизда ҳарбий хизматни ўташ, аскарларни қўллаб-қувватлаш ва ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ҳақида гапириб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарори бу борада муҳим дастур бўлаётганлигини таъкидладилар.      Шу ҳужжатга мувофиқ муддатли хизмат давомида намунали хулқи, ўзлаштирган билимлари  билан  юқори натижа кўрсатган 14 нафар аскар йигитларга ҳарбий қисм қўмондонлигининг олий ўқув юртларига тавсияномалари тантанали  топширилди.

      -Армия чинакам тобланиш  мактаби экан. Хизмат давомида жисмонан чиниқиш билан бирга маънавий дунёқарашим ҳам юксалганлигини сездим. Муддат давомида ўтказилган маънавий тадбирлар эсимизда қолди,- дейди оддий аскар Фарғона вилояти Бувайда туманидан Фурқат Усмонзода. – Бир гуруҳ хизматдошларим қатори мен ҳам тавсиянома олганимдан хурсандман.  Эндиликда Тошкент Давлат Молия институтига ўқишни давом эттириб, менга берилган ишончни  оқлаб, ватанимиз корига ярайдиган малакали мутахассис  бўлиш орзусидаман.

     -Хизматга қабул қилинган вақтимдан бугун ўзимни бошқача сезаяпман. Аскарлик мени ҳар томонлама улғайтирди, – дейди яна бир Бувайдалик аскар Паҳлавон Зокиров.- Бўйим чўзилди, билакларимда куч тўпланди. Сабр, мулоҳаза қилишни ўргандим. Тошкент Тиббиёт Академиясига ўқишга кириб, қунт билан тиббиёт илмини ўрганиш орзусидаман.

 

Озода МАМАДАЛИЕВА

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!