ЎЗИМ ЎҚИГАН МАКТАБИМГА КИТОБ ТУҲФАМ
Гулистон шаҳри «Юрт байроғи» майдонида «Ўзим ўқиган мактабимга китоб туҳфам» акцияси бўлиб ўтди. Унда вилоятнинг барча ташкилот, корхона раҳбарлари ўзларининг бебаҳо совғалари – китоблар тўплами билан иштирок этдилар.
Давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифи давомида Сирдарё ташаббуси – Сирдарё намунаси ҳақида гапирган эдилар. Ана шу ташаббусдан бири болаларни китоб мутолаасига қизиқтириш, уларнинг қўлларига кўпроқ китоб бериш, кутубхоналарни адабиётлар билан тўлдириш саналади.
-Бугунги тадбир барчани ҳаяжонга солмоқда, чунки бугун биз ўзимиз ўқиган қадрдон билим масканига борамиз, устозлар, ўқувчилар, тўғрироғи, болалигимиз билан учрашамиз, – деди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Рустамбек Турсунмуродов. – Иш, турли ҳаёт ташвишлари билан бўлиб, ўзимиз таълим-тарбия олган мактабларга боришга фурсат тополмас эдик. Муҳтарам президентимиз, вилоят ҳокими ташаббуси билан ибратли ишни бошладик. Яқинда бирлашма биноси ҳудудида кутубхона ташкил этдик. Ташаббус барчага маъқул келиб, ходимларимиз ўзлари ёқтирган китобларни олиб келиб мутолаага тавсия қилишди. Маълумки, касаба уюшмаси даргоҳига фуқаролар мурожаатлар билан келиб туришади. Мутахассис билан масалага ечим топилгач кутубхонага кириш тавсия этилмоқда. Китоблар, рўзномалар таҳламидан фойдаланиш имконияти барчага берилмоқда.
Майдонда китоблар кўргазмаси ҳам ташкил этилиб, тадбир қатнашчилари кўргазмага қўйилган китоблар билан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
Тадбирда, шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан вилоятга юборилган совға – 1000 та китоб қабул қилинди. Ушбу туҳфа Сайхунобод туманида янги очилаётган кутубхонага тақдим қилиниши маълум қилинди.
– Бугун Сирдарёда шундай катта тадбирга гувоҳ бўлиб турганлигимдан беҳад хурсандман, – деди Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Комил Алламжонов. – Сайхунободда бугун очилажак янги кутубхонага совғалар билан келганмиз.
Тадбир ниҳоясида тантана иштирокчилари ўз туҳфалари билан тегишли манзилларга йўл олишди.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири