БУГУН АГРАР СОҲА ХОДИМЛАРИ КУНИ
Мамлакатимизда ҳамма соҳа вакилларининг байрами бор. Лекин барчамизни, бутун ҳалқимизни боқадиган, кийинтирадиган қишлоқ хўжалиги ходимларининг байрами шу пайтгача йўқ эди.
Ҳозирги кунда фермер хўжаликлари ва умуман, қишлоқ хўжалиги соҳаси давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларга барча зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Ўзбекистонни 2017-2021 йилларда янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигини ҳам модернизация қилиш борасида энг муҳим вазифаларни аниқ белгилаб, уларни изчил амалга ошириб бораётганимиз соҳадаги улкан муваффақиятларга асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Фермер ва деҳқонларимиз қишлоқ хўжалигида асосий куч бўлиб, нафақат мазкур соҳани, балки бутун мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш, халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, юртимизни ҳар жиҳатдан обод ва фаровон қилишда беқиёс ишларни амалга ошираётганини бугун фахр ва ғурур билан, миннатдорлик билан қайд этамиз.
Бугун вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ўз ҳаётини қишлоқ хўжалиги соҳаси билан, айниқса, саховатли заминимиз билан боғлаган фидойи ходимлар учун касб байрами муносабати билан байрам тадбири ўтказилди ва улар эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Янги йилда ҳамма экинлардан ҳосилимиз янада мўл, хирмонимиз ҳар қачонгидан юксак бўлсин!
Агросаноат мажмуи ходимлари
касаба уюшмаси Гулистон шаҳар Кенгаши раиси Ш.Джабборов