Click to listen highlighted text!

БАРЧАГА БИРДЕК ФОЙДАЛИ

Сирдарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси масъул ходимлари ҳамда тармоқ касаба уюшмаси масъул ташкилотчилари ҳамкорлигида бошланғич ташкилот раислари учун қатор ўқув-семинарлари ташкил қилинди.
8 та туман ва 3 та шаҳарда бўлиб ўтиши режалаштирилган ушбу ўқув-семинарларида бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари иштирок этмоқда.
Қатнашчилар бу йил феврал – апрел ойларида ўтказилиши белгиланган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ҳисобот-сайлов йиғилишларига жиддий тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тартиби билан таништирилмоқда.
Шунингдек, ҳисобот давомида касаба уюшма ташкилотининг фаолларини кенг жалб этиш, йиғилишни амалдаги меъёрий ҳужжатлар ва юқори касаба уюшма органлари қарорларига риоя этган ҳолда ўтказиш, тартибли расмийлаштириш тўғрисида тушунчалар берилмоқда.
Маърузаларда ҳисобот-сайлов йиғилишларининг юқори савияда ўтказилиши, касаба уюшма бошланғич ташкилотларига ишчан, ғайратли, жамоадошларининг меҳнат шароитини ҳар томонлама қулайлиги учун жавобгарликни дилдан ҳис қиладиган, уларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитини доимий назорат қила оладиган кишилар сайланишига қулай муҳит яратиш, ҳар ишда “хўжакўрсинга”ликдан қочиш лозимлиги ҳақида таъкидланди.
Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раисларига ҳисобот-сайлов ўтказиш учун керакли қўлланмалар тайёрланиб, шу жойнинг ўзида тарқатилди.
-Ўқув-семинар иштирокчилари зарурий билим ва кўникмага эга бўлишди, – дейди бирлашма бўлим мудири Бахтиёр Ҳайдаров. – Уларга нафақат ҳисобот-сайлов йиғилишини қонуний тартибда ўтказиш принциплари, балки ҳужжатлар билан ишлашда қандай хатоларга йўл қўймаслик керак эканлиги ҳам ўргатилди. Бундай тадбирлар касаба уюшмаси бошланғич ташкилотларининг фаолиятини тартибга солиш, ривожлантириш учун жуда муҳим.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!