Click to listen highlighted text!

ЯНГИ ҚОНУН – ДАХЛСИЗ ҲУҚУҚЛАР КАФОЛАТИ

            Қонун икки нарса – мажбурият ва ҳуқуқни кафолатлайди. “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги Қонун касаба ушмалари фаолиятига кўплаб ҳуқуқларни бермоқда. Бу ҳақда Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси фаоллар залида бўлиб ўтган Қонун тарғиботида соҳа мутахассислари томонидан таъкидланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси юридик бўлими мудири Ҳамидулла Премқулов, меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Каримова иш берувчилар, ташкилот ҳуқуқшунослари ва бошланғич касаба уюшма қўмита раисларига 2019 йилнинг 6 декабрь куни имзоланган “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун мазмун – моҳияти, киритилган ўзгаришлар тўғрисида маълумот берди.
Аввало, Қонунда касаба уюшма фаолияти билан боғлиқ атамаларга изоҳ берилган. Шунингдек, касаба уюшмалари ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилиб, бирлашиш имкониятлари оширилди. Эндиликда барча Ўзбекистон фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл фуқароларининг касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқи берилмоқда.
Яна бир муҳим ўзгариш, касаба уюшмаларини барча иш ўринларида тузиш ҳуқуқи берилди. Қолаверса, иш берувчининг касаба уюшмаси олдидаги мажбуриятлари Қонун билан белгиланмоқда. Яъни, фаолиятни амалга ошириш учун шарт-шароит яратиш, уларнинг ҳуқуқларига риоя этиш, кўмаклашиш, ходимга дахлдор қарорлар қабул қилишда маслаҳатлашиш, таклифларни ўз вақтида кўриб чиқиш, иш жойларига қаршиликсиз киритиш, ишидан ажралмаган ҳолатда касаба уюшмасига сайланган шахсларга мажбуриятларини бажариши учун вақт бериши белгилаб қўйилган.
Фаолиятнинг асосий принциплари, жамоатчилик назоратини амалга ошириш хусусиятлари ҳақида берилган батафсил тушунчалар йиғилганлар учун ғоят фойдали бўлди.
Шу куни Гулистон Давлат университети, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий – амалий маркази вилоят филиалида Қонун тарғиботига бағишланган семинарлар ўтказилиб, очиқ мулоқот, ўзаро савол –жавоб асосида тушунчалар мустаҳкамланди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!