АСОСИЙ МЕЗОН – ХАЛҚ МАНФААТИ
Давлатимиз раҳбари томонидан Олий мажлисга йўлланган Мурожаатнома матни барча юртдошларимиз қатори мени ҳам тўлқинлантирди.
Ўзим мутахассислигим бўйича иқтисодчи бўлганим учун рақамли иқтисодиёт атамаси ва унинг мазмунини яхши англайман. Чиндан ҳам, турли қоғозбозликдан воз кечган ҳолда ҳужжатларни электронлаштириш орқали осон бошқарувга эга бўлинади. Шу йўл билан хуфёна иқтисодиёт барҳам топиб, давлат тушуми, тўғри солиқ сиёсати ривожланади. Бундан, албатта, аҳолига ҳам кўп манфаат бор. Ортиқча оворагарчиликлар барҳам топиб, тежамкорликка эришилади.
Айни ташаббус сабаб жамиятнинг иллати бўлган коррупцияга қарши курашишда ҳам муваффақиятга эришилади.
Шунингдек, Мурожаатномада айтилган ҳар бир мавзу, қандай амалга ошириш кераклиги, кутилаётган натижалар – барчасига мукаммал тушунтириш берилган. Эътиборлиси, режалар замирида тўлиқ аҳоли манфаатлари кўзланган. Мамлакат ривожланишида асосий мезон – халқ манфаати қилиб олинган экан, кутилган натижа истиқбол бўлишига ишонамиз.
Баҳтиёр ҲАЙДАРОВ,
Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари
бирлашмаси ташкилий ишлар бўлими мудири