ҲАЁТГА ИШОНЧ УЙҒОТАЁТГАН ТАШАББУС
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг биринчи йиғилишида Сирдарёда уйма-уй юрилганда ейишга нони йўқ, уйида тўшашга шолчаси йўқ, дори олишга пули йўқ, йиғлашга кўзида ёши йўқ аёллар борлиги аниқлангани ҳақида айтиб ўтган эди.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан мушкул аҳволга тушиб қолган оилаларга ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси мутасаддилигида Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика Ишчи гуруҳи тузилиб, Сирдарё туманида кенг кўламли ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, Хотин-қизлар қўмитаси, Маҳаллалар кенгаши, Маънавият ва маърифат маркази вакилларидан иборат Ишчи гуруҳи тумандаги маҳаллаларда уйма-уй юриб, аҳоли билан мулоқотлар асноси мингдан зиёд муаммоларни аниқлади.
Яқинда Сирдарё туманида Ишчи гуруҳнинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Республика Ишчи гуруҳи раҳбари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов мавжуд ҳолат ҳақида батафсил маълумот берди.
– Ўрганишлар ва оилалар соҳибалари бўлмиш хотин-қизлар билан суҳбатлашиш натижасида уларнинг асосий муаммолари уй-жой билан таъминлаш, ўзлари ва оила аъзоларининг саломатлигини тиклаш, бандлигини таъминлаш экани маълум бўлди, – деди Қудратилла Рафиқов. – Хусусан, муаммоларнинг 23 фоизи уй-жой, 21 фоизи саломатлик, 17 фоизи моддий ёрдамга муҳтожлик, 14 фоизи иш билан таъминлаш, 8 фоизи тадбиркорлик ва кредит ажратиш, 4 фоизи коммунал соҳа, 2 фоизи оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитнинг нотинчлиги, 1 фоизи таълим, 10 фоизи бошқа йўналишларга тўғри келади.
Мулоқот – муаммо ечимига йўл
Йиғилишда аниқланган муаммолар мутасадди ташкилотлар эътиборига ҳавола қилинди. Жумладан, Сирдарё шаҳрилик Нина Григоровна кекса ҳолида болаликдан ногирон қизини парвариш қилиши, бугунги кунда олаётган нафақа пули озлиги, яшаётган уйининг томи таъмирга муҳтожлигини билдириб, ёрдам сўраган. Мурожаат шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилиб, унга касаба уюшмалари маблағи ҳисобидан 5 миллион сўм пул тақдим этилди.
Яна бир мурожаатда шундай дейилади:
«Мен, Наргиза Боймуродова касаллигим сабабли мустақил юра олмайман. 2 нафар фарзандим билан туман мактабгача таълим муассасаси биносида яшаб келмоқдаман. МТМ мудираси менга бинода яшаш мумкинмаслиги, бу ерни тарк этишимни огоҳлантирди. Борадиган жойим йўқ. Илтимос, ёрдам беринг».
Навбатдаги мурожаатда эса Наргиза Мирсоатова тикувчилик билан шуғулланиши, ҳозирда 3 нафар фарзанди тўлов контракт асосида таълим олиши, фаолиятини кенгайтириш мақсадида туман «Микрокредитбанк»ига қилган мурожаати эски қарзи бўлганлиги учун рад этилганини айтиб, ёрдам сўраган.
Парвоз кўчасида яшовчи Саодат Мусурмонқулова яшаш уйи кадастр ҳужжатлари тўғриланмагани, тўлов қобилияти йўқлиги, шу сабаб бола пулини ололмаётганлигини ёзган…
Йиғилишда мурожаат ортида инсон тақдири тургани таъкидланиб, уларнинг барчаси ҳал этиладиган бўлди.
Сенинг дардинг – менинг дардим
Таъкидландики, туманда 688 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланмаган. Туман бандликка кўмаклашиш маркази тақдим этган маълумотга кўра, ҳозирда 625 та бўш иш ўрни мавжуд бўлиб, уларнинг 303 таси олий маълумотни талаб этади. Қолганига эса ўрта махсус маълумот етарли бўлмоқда.
Йиғилишда хотин-қизлар бандлигини таъминлашда жойларда оилавий тадбиркорлик, хусусан, ҳунармандчиликни ривожлантириш, оилавий боғчалар ташкил этиш, томорқадан фойдаланиш имкониятларини яратиш зарурлиги қайд этилди.
Маҳаллаларда аёллар учун кўп тармоқли ҳунар ва билимлар маркази фаолияти йўлга қўйилиб, уларда аёллар учун зарур бўлган маиший хизмат ва саломатликларини тиклаш учун фитнес ва спорт заллари ҳам фаолият юритиши айтилди.
Аҳолига туман тиббиёт бирлашмаси, кўп тармоқли марказий поликлиника, 7 та қишлоқ оилавий поликлиника ва 3 та қишлоқ врачлик пункти хизмат кўрсатмоқда. Туманнинг чекка ҳудудидан марказгача бўлган масофа 27 километрни ташкил этади. Шунга қарамай, ҳудудда мавжуд 3 та қишлоқ врачлик пункти ёпилган. Уларни тиклаш ташаббуси илгари сурилди.
Шу билан бирга, Сирдарё тумани марказида туғруқхона мажмуаси барпо этиш, эҳтиёжманд аҳоли учун кўп қаватли уй-жойлар қуриш, чекка ҳудудлардаги таълим муассасаларини реконструкция қилиш ва янгиларини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилиб, тегиш¬ли ташкилотларга уларнинг ечими борасида топшириқлар берилди.
Саломатлигини тиклаш масаласида мурожаат қилган аёлларнинг 44 нафарини туман, 24 нафарини вилоят ва 15 нафарини республика шифохоналарида даволаш ва зарур дори-дармон воситалари билан таъминлаб, 59 нафар мурожаатчининг кичик ва оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида имтиёзли кредитлар олишига кўмаклашиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Фарзандлари таълим олиши билан боғлиқ масалалар ҳам аёлларни безовта қилмоқда. Тумандаги 3-7 ёшдаги болаларнинг атиги 50 фоизигина мактабгача таълим ташкилотларига бормоқда. Муаммога 8 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бирорта ҳам боғчанинг йўқлиги сабаб бўляпти. Шунинг баробарида мактабгача таълим муассасаларидаги болалар умумий сонининг 15 фоизи доирасида кам таъминланган оилалар фарзандлари тўловдан озод қилинган ҳолда қабул қилиниши белгиланган бўлсада, бу имтиёздан тўлалигича фойдаланилмаган.
Ҳудуддаги 43 та умумтаълим мактабида қўшимча ўқув биноси, спорт мажмуаси, компьютер синфхонасига талаб борлиги, иситиш тизимини янгилаш ва трансформатор ўрнатиш зарурлиги таъкидланди. Ўрганишлар натижасида аниқланган уй-жой ва уни таъмирлаш билан боғлиқ 195 та муаммо ўз ечимини кутмоқда.
Йиғилишда муаммоларни бартараф этиш мақсадида манзилли йўл харитаси тузилгани, барчаси қисқа фурсатларда ижобий ҳал этилиши маълум қилинди.
Бирлашган буюк ишларга қодир
Йиғилишда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева сўзга чиқиб, жойлардаги муаммоларда маҳаллий кенгашлар вакилларининг ҳам айби борлигини айтиб ўтди. Муаммоларни уйма-уй юриб аниқлаш ва ҳал этишга қаратилган ишлар самара бераётгани, ўтган йили Тошкент шаҳрида қийналган 2,5 минг нафарга яқин аёллар муаммоси тизимли ҳал қилинишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси бош-қош бўлганини эътироф этди. Ушбу тажриба ва ташаббускорлик сабаб Республика Ишчи гуруҳига раҳбарлик Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқовга топширилганини таъкидлади.
Бугунги кунда ҳар бир ташкилот раҳбари қандай ишлаш лозимлиги, қолаверса, уларда одамлар билан мулоқот қилиш кўникмаси шаклланиши учун ўтган 3 йилда етарли таж¬риба тўплангани маълум қилинди. Вилоят сўнгги пайтларда ўзининг ривожланиши, қурилиш-ободонлаштириш ишлари бўйича намуна бўлаётгани, янгиликларга биринчилардан бўлиб ташаббус кўрсатаётгани эътироф этилиб, жорий йилда қизлар учун замонавий касбларни ўрганиш шароитини яратиш, дастурчи қизларни ўқитиш тажрибасини ¬бошлаш таклифи берилди.
– Давлат раҳбарининг истаги жамиятимизда кўзида ёш бўлган, изтиробга тушган, кўчада қолган, қийналган, ҳаётдан норози бирорта аёл бўлмаслигидир, – деди, жумладан, Танзила Норбоева. – Бу йўлда барчамиз бирлашиб, бир ёқадан бош чиқарсак, кўзланган мақсадга, албатта, эришамиз.
«Кўнглимиз тоғдек ўсди»
Ислоҳотлар натижаси билан гўзал. Шу куни ижтимоий соҳа объектларига 50 тонна кўмир учун сертификат ҳамда 13 нафар кам таъминланган оила аёлларига касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан саломатликларини тиклаш учун зарур бўлган тиббий хизмат ва дори-дармон маҳсулотларига маблағ берилди.
Улар орасида ҳаётнинг оғир синовига учраган, умидларини рўзғор ташвишлари кўмиб юборган Зиёкор шаҳарчасида яшовчи Маъмура Аҳмедова ҳам бор. Инсон учун тўрт муча соғлиги нақадар аҳамиятли, бунинг учун ҳамма нарсага тайёр. Бироқ, муаммолар сабаб у бунга имкон топа олмаса-чи? Боқувчисини йўқотгач, фарзанди билан онаси ёнида яшаш чоғида уларнинг таъминотидан орттириб, юрак етишмаслиги ташхиси билан ҳеч бир муолажа олмай келаётган эди. Хонадонига ҳол-аҳвол сўраб келиб, саломатлигини тиклашида ёрдам беришларини айтишганида қанчалик суюнганини тасаввур қилиш қийин эмас.
– Юрак хасталиги доимий безовта қилади. Бунинг давоси бор, деб руҳлантиришди, – дей¬ди Маъмура Аҳмедова. – Президентимизга минг раҳмат, ҳар бир хонадон ташвиши, саломатлиги ҳақида қайғуриб ёрдам беряпти. Мен каби давлат ғамхўрлигини ҳис қилган аёллар кўп. Барчамиз дуодамиз.
50 нафар эҳтиёжманд оила фарзандлари учун кийим-кечак жамланмаси, кўрпа-тўшак, гилам, маиший техника, газ баллонлари тарқатилди. Шу билан бирга учта ана шундай оиланинг коммунал тўловлардан қарзлари тўланди. Кам таъминланган оилалардан 3 нафарига 5 миллион сўмдан уй-жойларини таъминлаш учун касаба уюшмалари маблағи ажратилди. 15 нафар хотин-қизга саломатликларини тиклаш учун сиҳатгоҳ йўлланмаси берилди. Туман халқ таълими бўлимига мактаб кутубхона фондини бойитиш учун 10 минг дона китоб топширилди.
– Тақдир экан, турмуш ўртоғим вафот этган. 4 нафар фарзандим билан ёлғиз яшайман. Яшаш уйимиз чала битган, таъмирталаб, – дей¬ди Барно Намозова. – Эшигимизни қоққан яхши инсонлар сабаб оиламиз фаровонлиги учун янги қадам ташладик. Уй таъмири учун берилган маблағ билан хонадонимиз файзга тўладиган бўлди.
«Ёшлик» МФЙлик Марям Умаровага рўзғорининг бутлигини таъминлаши учун тикув машинаси совға қилинди. Истироҳат кўчаси 52-хонадон соҳиби Тозагул Жабборова хонадонига туман газ идораси мутахассислари бориб, газ баллони қурилмаси ўрнатиб беришди. «Интилиш» МФЙда яшовчи Гулшан Абдуллаева хонадонига ҳам ишчи гуруҳ вакиллари гилам, кўрпа-ёстиқ каби рўзғор буюмлари тақдим этди.
– Рўзғор буюмларимиз анча эскириб, кўримсиз бўлиб қолган эди. Ушбу буюмлар билан чиройли қилиб безатиб оламан, – дейди Г.Абдуллаева. – Хурсандчилик қўни-қўшнилар, бутун маҳалламизга тарқалди. Кўнглимиз тоғдек ўсди!
Гўзал кунлар умиди
Инсонга хурсандчилик улашиш, оғирини енгил қилиш – савобли юмуш. Ҳаётнинг синовларини бошидан кечирган аҳоли қатламига кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик эзгуликнинг ёрқин намунасидир. Айниқса, аёл зотига кўрсатилган эҳтиром, албатта, кун келиб ўз натижасини беради. Зеро, соғлом жамият, бахтли оила, баркамол авлод аслида аёл меҳнати, меҳридан яралади. Демак, бу хайрли ишлар ортидан гўзал кунлар, келажак бошланмоқда.
Кеча Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида бўлиб ўтган Республика Ишчи гуруҳи йиғилишида ишчи гуруҳ раҳбари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация¬¬си раиси Қудратилла Рафиқов бу жиҳатни алоҳида эътироф этди. Ушбу эзгу ташаббус халқнинг ҳақиқий аҳволини билиш ва чекка ҳудудларда оғир шароитларда кун кечираётган аёлларимизга бўлган меҳр-муҳаббатдан далолат экани, Сирдарё туманида катта воқелик сифатида тилга тушган мазкур тадбирлар мингга яқин оилага чексиз қувонч, бахт олиб келганини таъкидлади.
Президентимиз топшириғи билан бу эзгу ташаббус эндиликда Сирдарё вилоятининг барча туманларини қамраб олади.
Йиғилишда олдинда турган долзарб вазифалар белгиланиб, амалга ошириладиган ишлар келишиб олинди.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«ISHONCH»